Ўзбекистонда дастлабки планшетлар ишлаб чиқарилди

olivepad“Olive Telecom” Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма корхонаси томонидан планшет компьютерлари ишлаб чиқиш ўзлаштирилди. Бу ҳақда компания вакилига таяниб, РИА Новости хабар тарқатди.

“Ўзбекистонда дастлабки 1000 та планшет ишлаб чиқарилди, улар шу йилнинг июл ойидан савдога чиқарилади ва ишлаб чиқариш ҳажми янада кенгаяди”, деди компания вакили.

180 миллиметрлик OlivePadV-T300 русумли планшет 1Ггц частотали процессор билан жиҳозланган бўлиб, Android 4.0 (Ice-cream Sandwich) операцион дастури асосида ишлайди. Қўшма корхонанинг лойиҳа қуввати 2015 йилга бориб йилига 13,5 мингтани ташкил қилади.

Шуни айтиб ўтиш керакки, 2012 йилнинг февраль ойида Ҳиндистоннинг “Olive Telecommunication” ҳамда  “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси “Olive Telecom” Ўзбекистон — Ҳиндистон қўшма корхонасини ташкил қилиш бўйича таъсис шартномасини имзолаган эди. Мазкур корхона “Навоий” эркин иқтисодий-индустриал зонасида барпо этилган.

Йил бошида ушбу корхона CDMA-модемлари ҳамда мобиль ва стационар CDMA-терминалларини ишлаб чиқаришни ўзлаштирган эди. Ушбу лойиҳага кўра, мамлакатда йилига 10 мингта CDMA-модем ҳамда 38 мингта CDMA-терминал ишлаб чиқариш мумкин.