Саудиялик аёл мамлакат авиакомпаниясида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритди

saudi-airlinesОйша Жафарий Саудия Арабистонида авиадиспетчерликка лицензия олган биринчи аёл бўлди. Бу ҳақда “Ал-Арабия” телеканали “Ал-Иқтисодия” газетасига таяниб, хабар тарқатган.

Lenta.ru сайтининг ёзишича, у алоҳида жиҳозланган диспетчерлик пунктида иш олиб боради. Бу ҳақда мамлакат фуқаро авиацияси вазири Халил ал-Хубайрий маълум қилган. У самолётларни радиоалоқа орқали кузатиб қўяди, айни чоғда учиш майдонига чиқиши тақиқланган.

Ойша ўз танловини изоҳлар экан, авиация соҳасига жуда қаттиқ қизиқишини маълум қилган. Авиадиспетчерлик курсларида у билан яна 8 нафар аёл таҳсил олган бўлиб, уларнинг битирув имтиҳонлари натижалари ҳақида ахборот йўқ.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Саудия Арабистонида аёлларга маҳрамларсиз давлат органлари идоралари, чунончи, аэропорт ва аэродромларга ташриф буюриши тақиқланган. Аёллар саёҳатга чиқиш, таълим олиш, ишга кириш ҳамда бошқа ҳолатларда ўз маҳрамларидан рухсат олиши талаб қилинади.

Айни пайтда улар машина ҳайдаш ҳуқуқига эга эмас, шу йил бошидан уларга маълум чекловлар асосида велосипед ҳайдашга рухсат беришди.