Қашқадарё вилоятида 45 нафар қизнинг эрта никоҳига чек қўйилди

images (23) Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим жойларда ота-оналар хоҳиш-истаклари, ўйланмай қабул қилинган қарорлари туфайли қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари учраётир. “Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, яқинда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрининг Наҳшаб маҳалласидаги хонадонлардан бирида эндигина 9-синфни тамомлаётган қизни қариндошига узатаётган ота-онанинг “сири” фош бўлиб, маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракати билан тўй тўхтатилди.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, айрим ота-оналарнинг никоҳ, оила тўғрисидаги юзаки қарашлари натижасида ҳали ҳаётда муносиб ўринга эга бўлмаган, ҳам руҳан, ҳам жисмонан оила қуришга тайёр бўлмаган қизлар тақдири аянчли оқибатларга олиб келмоқда.

Чироқчи туманидаги “Fаллакор” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоллари томонидан вояга етмаган қизнинг унаштириш маросими тўхтатилди.

Туман ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси, бош имом хатиблар билан олиб борилган ишлар натижасида “Сувлуқ”, “Чувуллоқ” фуқаролар йиғинларида шунга ўхшаш эрта никоҳларнинг олди олинди ва ушбу оилалар фарзандлари 12 йиллик мажбурий таълимга жалб этилди.

Умуман, вилоят бўйича маҳалла маслаҳатчилари, бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, ИИБ вакиллари ва тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан жами 45 нафар қизнинг эрта никоҳига чек қўйилди.

— Соғлом никоҳ учун турмуш қуришнинг энг қулай даври қизларда 20-22 ёш, йигитларда эса 23-25 ёшни ташкил этиши мақсадга мувофиқ, — дейди вилоят “Она ва бола” скрининг маркази шифокори Нодира Икромова. — Қизларни эрта турмушга бериш бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Чунки бу даврда улар ҳали ўсмирлик даврини бошдан кечираётган, ўта таъсирчан, физиологик жиҳатдан тўлиқ ривожланмаган, жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашмаган бўлади. Натижада фарзанд кўриш учун тайёр бўлмаган ёш организмда ҳомиладор бўлиш ҳолатлари кечикади ҳамда бу келгусида оиланинг ажраб кетишига олиб келиши мумкин. Ё аксинча, эрта фарзанд кўриш ёш она ва ундан туғилажак бола соғлиғига ҳам хавф туғдиради. Бунда ҳомила тушиши, ҳомиладорликнинг оғир кечиши, экстрагенитал касалликларнинг авж олиши, гўдакнинг нимжон ривожланиши, эрта ва нисбатан кам вазнда туғилиш ҳолатлари кўпроқ учрайди.

— Кузатувларимиз асосида айтадиган бўлсак, жисмоний ва маънавий-руҳий, тиббий камолга етмаган қизларни эрта турмушга бериш айрим оилавий низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётир, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Юлдуз Равшанова. — 2012 йилда 149 та ариза бўйича оилаларда ажралиш кузатилган бўлса, шуларнинг 138 нафари ёш оилаларни ташкил этади.

Умуман, бугунги кунда Ўзбекистон эрта никоҳнинг олдини олиш бўйича оммавий кампания олиб борилмоқда. Бундан аввалроқ мамлакат соғлиқни сақлаш вазири ҳам бу масалада ўз мулоҳазаларини айтиб ўтган эди.