ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Патриция Флор учинчи бор Тошкентга келди

Анвар Ильясов («Жаҳон» АА)/gazeta.uz
Анвар Ильясов («Жаҳон» АА)/gazeta.uz

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Патриция Флор хонимни қабул қилди. Унда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, минтақавий ва халқаро миқёсдаги масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Томонлар барча соҳаларда конструктив мулоқотни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканликларини маълум қилишган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Патриция Флор бошчилигидаги делегация шу йилнинг 18-19 март кунлари Тошкентда музокара олиб борган эди.

Ташриф давомида делегация вакиллари Ўзбекистон Ташқи  ишлар вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида мулоқот олиб боришганди. Бу мулоқотларда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш масаласи муҳокама этилган.

Европа Иттифоқи Кенгаши Патриция Флорнинг 2012 йил 25 июнида Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида тайинлаган бўлиб, шу йилнинг июль ойида Тошкентга ташриф буюрган эди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар 1999 йил 1 июлдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги шартнома доирасида ривожланиб бормоқда.