Фан доктори “PhD”га тенгми? Ўзбекистонда фан доктори илмий даражасини олиш тартиби қандай?

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги О50efdb0e5e9c2_cropлий аттестация комиссияси Раёсатининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 25.03.2013 йилда 2441-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 Хўш, Ўзбекистонда фан доктори бўлиш учун қайси йўлларни босиб ўтиш талаб қилинади?

Янги Низомга кўра фан доктори илмий даражаси:

магистр даражасига ёки магистр даражаси жорий этилгунгача олинган олий маълумот тўғрисидаги дипломга;

олий ҳарбий таълим дипломига;

фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга;

бакалавр даражасига, олий маълумотли ҳарбий мутахассис дипломига ёки олий маълумотли мутахассис дипломига, 5 йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига, илмий изланишларга лаёқатли ва белгиланган талабларга мос келадиган маълум бир илмий ютуқларга (ихтиро учун патентлар, илмий мақолалар, илмий-технологик ишланмаларда иштирок этиш ва бошқалар) эга, шунингдек илмий ёки илмий-педагогик фаолият олиб бораётган, фаннинг муайян соҳасида чуқур касбий билимларга ва илмий ютуқларга эга бўлган юксак маънавиятли шахсларга берилади.

Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш талабгорнинг хоҳишига кўра ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёки Олий аттестация комиссияси (ОАК) билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилиши ҳужжат билан белгиланди (илгари у ўзбек, рус ёки инглиз тилларидан бирида расмийлаштирилиши ва ҳимоя қилиниши, қорақалпоқ адабиётшунослиги ва тилшунослиги бўйича қорақалпоқ тилида ёзилиши мумкинлиги белгиланган эди.) Энди диссертация камида 4 та бобдан иборат бўлган шаклда расмийлаштирилади, унинг матни 200 саҳифадан ошмаслиги керак (илгари камида 3 та бўлим ва 250 саҳифадан иборат бўлиши лозим эди).

Норма.ўз эксперт-юристи Сардор Жумашовга кўра, диссертация бўйича талабгорнинг эълон қилинган илмий ишларининг умумий сони 15 тадан кам бўлмаслиги ва улардан камида 10 таси OAK рўйхатидаги илмий журналларда эълон қилинган бўлиши керак (илгари ОАК рўйхатидаги илмий нашрларда камида 20 та илмий ишлар эълон қилинган бўлиши керак эди). Талабгорнинг диссертация мавзуси бўйича камида 2 та мақоласи ОАК рўйхатидаги тегишли фан соҳаси ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли ихтисослашган илмий журналларида, шунингдек 2 та мақоласи халқаро илмий-амалий конференция материалларида, шундан биттаси хорижий мамлакатларда ўтказилган конференция материалларида эълон қилинган бўлиши шарт (илгари камида иккита мақола, тиббиёт фанлари бўйича эса камида тўртта мақола нашр этилган бўлиши, уларнинг ярми – Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада, Япония, Хитой ва Жанубий Корея илмий журналларида чоп этилиши шарт эди).

Шунингдек, интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари хорижий мамлакатларнинг ихтисослашган илмий журналларида эълон қилинган мақолалар сифатида ҳисобланади, монографиялар эса республикада чоп этиладиган ихтисослашган илмий журналларда эълон қилинган мақола сифатида ҳисобланади, деган аниқлик киритилди. Нашр этилган дарсликлар, ўқув қўлланмалари, услубий кўрсатмалар ва бошқа ўқув-услубий ишлар диссертациянинг натижаларини акс эттирувчи эълон қилинган илмий ишлар жумласига кирмайди.

Низомда белгиланишича, диссертант Фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашга (бундан кейин – Илмий кенгаш) диссертация натижалари фан, амалиётга жорий этилганлиги ёки ташкилотлар томонидан жорий этиш учун қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади, улар илмий-техник кенгашлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланиши ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан тасдиқланиши керак (илгари диссертация натижаларини амалиётга жорий этишга доир махсус ишлаб чиқилган тавсиялар Илмий кенгашда тасдиқланар эди).

Диссертацияларнинг ташкилот томонидан дастлабки экспертизадан ўтказилиши ва Илмий кенгаш ҳузуридаги Илмий семинар томонидан якуний экспертизадан ўтказилиши ва уларнинг хулосаларни бериш муддатлари 3 ойдан 2 ойга қисқартирилди.

Низомда диссертация амалда дастлабки ҳимоя қилинадиган илмий семинар мажлисини ўтказиш тартиби белгиланган.

Илмий кенгаш унинг ижобий хулосаси тақдим этилган кундан эътиборан бир ой ичида диссертацияни ҳимояга қабул қилиб олиш тўғрисида қарор қабул қилиши, бу ҳақда OAK сайти ва «OAK бюллетени» журналида эълон бериш учун ОАКга мурожаат қилиши лозим.

Сўнгра диссертация автореферати камида 50 нусхада (илгари уларнинг сонини Илмий кенгаш белгилар эди) диссертация ҳимоясидан камида бир ой олдин диссертация автореферати юборилиши шарт бўлган ташкилотларга ҳамда Илмий кенгаш томонидан тузилган қўшимча рўйхат бўйича юборилади.

Илмий кенгаш томонидан фан докторлари ёки профессорлар орасидан учта расмий оппонент тайинланади, бунда уларнинг иккитаси ҳимоя ўтаётган Илмий кенгаш аъзоси бўлиши мумкин (илгари унга фақат битта фан доктори, иккитаси – истисно ҳолларида сайланар эди). Илгари бўлганидек, расмий оппонентларнинг ҳаммаси турли ташкилотларнинг вакиллари бўлиши лозим. Шунингдек Илмий кенгаш диссертация юзасидан етакчи ташкилот сифатида тегишли фан соҳалари ёки иқтисодиёт тармоқларида ўз ютуқлари билан танилган ташкилотни тайинлайди. Илгаригидек расмий оппонентлар ва етакчи ташкилот тақризини диссертация ҳимоясидан камида 10 кун олдин талабгорга топшириши керак. Акс ҳолда диссертация ҳимояси бошқа кунга кўчирилади.

Диссертациянинг биринчи нусхаси ва талабгорнинг аттестация иши ҳамда уларнинг электрон шакли диссертация ҳимоясидан кейин бир ой ичида Илмий кенгаш томонидан ОАКга юборилади. Уларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак, зарур ҳолларда у яна 2 ойгача узайтирилиши мумкин (илгари кўриб чиқиш муддати уни узайтириш имконияти билан 6 ойни ташкил этарди).

ОАКнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги Илмий кенгаш қарорини тасдиқлаш ҳақидаги қарори, у қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ҳамда 20 кун ичида (илгари 1 ой ичида эди) фан доктори дипломи расмийлаштириб берилади.

Янги Низомда илмий даражадан маҳрум этиш асослари ва тартиби, уни тиклаш, шунингдек Илмий кенгашнинг илмий даражани бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарорлари, хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) масалалари бўйича апелляцияларни кўриб чиқиш тартиби ҳам белгиланган.

Илгари бўлганидек, апелляция тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 2 ой ичида берилади. Бироқ у «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунда* белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши ва апелляция бўйича қабул қилинган якуний қарор 5 иш куни ичида манфаатдор шахсларга юборилиши хусусида аниқлик киритилди.

Талабгор Ўзбекистон Республикасида бажарилган илмий-тадқиқот ишлари асосида тайёрланган диссертацияни хорижий давлатда ҳимоя қилмоқчи бўлган тақдирда, у белгиланган тартибда ОАК рухсатномаси ва йўлланмасини олиши лозим. Шу билан бирга белгиланишича, хорижий давлатларнинг олий аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар ОАК томонидан Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 25.07.2000 йилдаги 283-сон қарорига 3-илова) мувофиқ нострификация қилинади (қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштирилади).