Самарадаги ҳарбий полигондаги портлаш оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган

images (5)Маълумки, Россия Федерациясининг Самара области яқинидаги ҳарбий ўқ-дорилар синовдан ўтадиган полигонида портлаш юз берганди. Натижада полигон атрофидаги аҳоли яшаш пунктлари жиддий зарар кўрган. Қурбонлар бор. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар тарқатди.

Портлашдан сўнг тиббий ёрдам сўраб 42 нафар шахс мурожаат қилди, улардан 12 нафари турли даражада тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган. Улар орасида 3 нафар бола ҳам бор.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармаси тарқатган хабарда айтилишича, портлаш оқибатида 1983 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳам ҳалок бўлган. Сергей Жилкин Самарада вақтинчалик рўйхатдан ўтган. У “Газмонтаж” МЧЖда ишчиси бўлиб, полигоннинг санитар ҳудудида иш олиб бораётган бўлган. Бу ҳақда вилоят губернаторлиги хабар тарқатган. Аммо ҳозирча Россия Федерацияси Тергов қўмитаси бу маълумотни тасдиқламаган.

Вилоят губернатори фавқулодда вазият сабабли жабр кўрганларга 10 минг рубль (тахминан 300 доллар) берилишини маълум қилган. Ҳозирча Ўзбекистон фуқаросининг оиласига қандай компенсация берилиши номаълум.