Қозоғистон президенти Ўзбекистонга ташриф буюради

nursultan-nazarbaev1

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Ўзбекистон — Қозоғистон ҳукуматлараро комиссияси мажлисидан сўнг Марказий коммуникациялар хизмати расмий вакили Алтай Абибуллаев маълум қилган.

Ҳукуматларо комиссия йиғилишида айнан мазкур ташриф олдидан тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва бошқа ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва барқарор ривожланмоқда. 2011 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 47 фоиз ўсган. Қозоғистон минтақавий ривожланиш вазири Б. Сагинтаев сўзларига кўра, 2012 йилда ўзаро товар айланмаси 2,16 миллиард долларни ташкил қилди. Қозоғистон бу даврда Ўзбекистонга 1,3 миллиард доллар маҳсулот экспорт қилган, Ўзбекистондан импорт қилинган товар ва хизматлар ҳажми эса 817 миллион долларни ташкил қилган.

Сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистондан Қозоғистонга йўналтирилган тўғридан-тўғри инвестиция ҳажми бор-йўғи 10,5 миллион долларни ташкил қилган. Қозоғистондан Ўзбекистон иқтисодиётига ажратилган тўғридан-тўғри сармоя ҳажми эса 2004-2012 йилларда 102 миллион долларга етган.

Сўнгги маълумотларга кўра, икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон — Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик алоқаларига танқидий баҳо бериб, минтақавий масалаларда якдил позицияни шакллантириш чораларини кўришади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақада сувдан одилона фойдаланиш тизимини ривожлантириш масаласида келишилган ягона позицияга эга бўлиб, у икки давлат президентларининг 2012 йил 7 сентябрда имзоланган Қўшма баёнотида мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур ҳужжатда сув-энергетикага оид масалаларни, жумладан, трансчегаравий дарёларда янги гидротехник иншоотлар қуриш масаласини БМТ конвенциялари ва минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, албатта халқаро мустақил экспертизадан ўтказиш орқали ҳал этиш кўзда тутилган. Ўзбекистон Президенти ушбу ташриф доирасида бу ўринда гап “Гиннеснинг рекордлари”ни янгилаш ҳақида эмас, балки юзлаб инсонлар ҳаёти ҳақида кетаётганини эслатиб ўтди.

Ташриф доирасида Қозоғистон элчихонасининг янги биноси фойдаланишга топширилиши айтилмоқда.