Ислом Каримовнинг Украинага ташрифи доирасида Алишер Навоийга ҳайкал очилиши мумкин

    uzb-ukrЎзбекистон Республикасининг Украинадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдуалиев Украина Олий Радаси раиси Владимир Рибак билан учрашди. Унда Ўзбекистон  Республикаси ва Украина ўртасидаги алоқалар, хусусан, парламентлараро алоқалар ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

    Рибакнинг фикрича, Украина Ўзбекистон билан муносабатларни янада фаоллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Бунда, албатта, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги учрашувларнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шу боис Украина томони Ўзбекистон президентининг ушбу мамлакатга қилажак ташрифига катта умид билан қарамоқда, дейди Украина парламенти раҳбари.

    Украиналик расмийнинг фикрича, икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун етарлича захиралар мавжуд. Шу билан бирга, тарафлар 2007 йилдан бери ўтказилмай келинаётган ҳукуматлараро комиссиянинг саккизинчи йиғилишини ўтказиш зарурлигини қайд этишди.

    Ўзбекистонлик дипломат, ўз навбатида, Украина тарафига Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин иқтисодий ҳудудига аъзо бўлиб киришида кўрсатган кўмаги учун ташаккур билдириб, ушбу шартноманинг Украина парламенти томонидан ратификация қилинишини тезлаштиришни сўради. Айни пайтда Ўзбекистонлик дипломат Алишер Навоийга ҳайкал очилишини президент ташрифи кунларига тўғрилаш бўйича Ўзбекистон тарафи истагини ҳам етказди.

    Украина Олий Радаси раиси В. Рибак ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси А.Абдуалиев
    Украина Олий Радаси раиси В. Рибак ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси А.Абдуалиев

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Украинага ташрифининг санаси ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

    Украина Ўзбекистоннинг йирик ташқи савдо шериги бўлиб, ушбу мамлакатнинг ташқи савдо айланмасидаги улуши 6 фоизни ташкил қилади. МДҲ бўйича учинчи ўринда туради.