АҚШда PRISM жанжали бошланди

Documents show GCHQ has had access to the NSA's Prism programme since at least June 2010АҚШ ҳукумати яна бир ғалва ичида қолди. Гап шундаки, АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси мамлакатдаги йирик технологик компаниялар — Microsoft, Yahoo!, Google, Facebook, AOL, Skype, YouTube ва Apple серверларига тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга бўлган.

PRISM деб ном олган махсус дастур асосида хавфсизлик хизмати ходимлари интернет фойдаланувчилар ҳақидаги ёпиқ ахборотларни, уларнинг аудио ва видеофайлларини, фотосуратларини, электрон почта хабарларини, электрон ҳужжатларини, шунингдек, фойдаланувчиларнинг жойлашган макони, улар билан алоқада бўлган шахслар рўйхатини суд ордерисиз олган ва ўз мақсадлари йўлида фойдаланган. PRISM дастури АҚШ конгресси томонидан тасдиқланган бўлиб, 2007 йилдан бери ишлатилади.

Пайшанба куни кечқурун The Washington Post ва The Guardian газеталари махфий манбадан олган ахборотларини эълон қилиши АҚШда жиддий муҳобасага сабаб бўлди. Маълум бўлишича, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси 2007 йилдан бери йирик технологик компанияларнинг фойдаланувчиларининг ёпиқ ахборотларидан фойдаланиб келган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, яқинда АҚШ ҳукумати мамлакатдаги йирик телекоммуникация оператори Verizonдан уч ой ичида АҚШ фуқароларининг телефон мулоқотларини, абонентларнинг қаерда жойлашгани ҳақида ахборотлар Миллий хавфсизлик агентлиги ҳамда ФТБга тақдим этишга мажбур қилди. Бу ахборот эса PRISM олдида аҳамиятини қарийб йўқотди. Аммо, шуниси ҳам борки, АҚШ хавфсизлик хизмати ходимлари Verizonдан абонентлари ҳақида ахборот тақдим этишни 1978 йилда қабул қилинган Хорижлик айғоқчиларни назорат қилиш тўғрисидаги қонун асосида суд ордери орқали талаб қилди. 100 миллион нафардан ортиқ абонентга эга Verizon айнан шу ордер асосида хавфсизлик идоралари талабини бажарди.

Технологик компаниялар билан боғлиқ ҳолатда эса хавфсизлик идоралари 2007 йилда қабул қилинган Американи муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун талабларини рўкач қилиб кўрсатилмоқда. Ушбу қонунга кўра, Америка хавфсизлик идоралари АҚШдан ташқарида жойлашган халқаро айғоқчилик агентларини кузатиши учун сур ордери талаб қилинмайди. Айнан шу қонун талаблари асосида 2007 йилда PRISM дастури ишга туширилади.

Ушбу дастурнинг мавжудлиги ҳақида бир неча Конгресс аъзоси биларди. Улар ҳам ушбу дастурни ошкор қилмаслик хусусида ёзма тилхат беришган. Ўз навбатида, Американинг технологик компанияларининг “виждони” қийналмаслиги учун 2008 йилда Хорижлик айғоқчиларни назорат қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилади. Унга мувофиқ, АҚШ хавфсизлик хизматига маълумотлар йиғишда ёрдам берган компаниялар судга тортилмаслиги кафолатланади.

PRISM дастурига биноан, хавфсизлик хизмати технологик компанияларнинг серверларига тўғридан-тўғри уланиш имкониятига бўлишади. Улар реал вақт режимида тегишли объектни кузатиш имконига эга бўлишади. Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси ходимлари томонидан кўздан кечирилган ҳар бир ахборотнинг даражаси белгиланади. Агар қийматли ахборот қайд этилса, Миллий хавфсизлик агентлиги тегишли билдирги тайёрлайди. Бундай билдиргилардан ойига камида 2 мингта битилган. 2012 йил давомида уларнинг сони 24005 та бўлиб, бу 2011 йилдагига қараганда 27 фоизга кўп бўлган.

2007 йилги қонунга кўра, АҚШ хавфсизлик хизмати вакиллари мамлакатдан ташқари барча шубҳали объектларни ва улар билан мулоқотда бўлган америкаликлар фаолиятини кузатиб боришини кафолатлайди. Миллий хавфсизлик агентлигининг PRISM дастури бўйича илк ҳамкори 2007 йилда Microsoft бўлган бўлса, 2008 йилда Yahoo!, кейин 2009 йилда Google, Facebook ва PalTalk, 2010 йилда эса — YouTube, 2011 йилда — Skype ва AOL, 2012 йилда эса Apple ҳамкорга айланади.

 The Washington Post  ва The Guardian газеталари махфий манбаларидан олган ахборотга кўра, PRISM дастури йилига америкалик солиқ тўловчиларга 20 миллион долларга айланади.

A slide from the Prism programme

The Washington Post  ва The Guardian газеталари эълон қилган материаллар Миллий хавфсизлик агентлиги раҳбарияти директор Жеймс Клэппер номидан муносабат билдирди. Ўша куни кечқурун ўзининг жаҳл билан  баёнотини билдириб, ОАВга бундай ахборотнинг чиқиб кетиши ва унинг эълон қилинишини ножўя хатти-ҳаракат, деб баҳолаган.

Унинг сўзларига кўра, бу “АҚШнинг мамлакат олдида турган кўпсонли таҳдидларни аниқлаш ва уларга муносабат билдириш борасида АҚШнинг имкониятларига узоқ муддатли ҳамда тўғрилаб бўлмайдиган таҳдид солади”.

Жеймс Клэппернинг сўзларига кўра, у ўзи махфий дастурнинг айрим қисмларини эълон қилиш ҳақида буйруқ берганлигини, бу орқали америкаликлар ушбу ҳаракатнинг чегарасини аниқ билишлари ва кузатувдан қўрқмаслигини истаганини айтган. Аммо Миллий хавфсизлик агентлиги директори ОАВ бу ахборотни нотўғри талқин қилганини айтади.

Гарчи Миллий хавфсизлик агентлиги PRISM дастури мавжудлиги ва унда 9 та технологик компания иштирок этишини тан олган бўлса-да, ушбу компанияларнинг барчаси раддия билдиришди. Мисол учун, Apple компанияси бундай дастур ҳақида ҳеч қачон эшитмаганлигини айтишган. Google эса махфий дастур ҳақида билмасликларини ҳамда “фойдаланувчилар маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида қайғуришаётган”ини қайд этишган. Microsoft эса фақат суд ордери асосида фойдаланувчи маълумотларини ошкора қилиш мумкинлигини айтган. Facebook эса ҳеч қайси давлат идорасига тўғридан-тўғри серверига кириш имкониятини яратиб бермаганлигини айтган. Yahoo! ҳам шундай муносабат билдирган.