Сенатор Содиқ Сафоев Ўзбекистон Регби федерациясининг президенти этиб сайланди

images (8)Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Республика регби федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Республика регби федерациясининг раҳбарияти, спортчи ва мураббийлар иштирок этди, деб хабар тарқатди Ўзбекистон Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Қўмита сайтида келтирилишича, 2009 йил Копенгаген шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Олимпия қўмитаси Ижроия қўмитаси йиғилишида Регби-7 Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши эълон қилинган эди. 2012 йил Лондон (Буюк Британия)да бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида Регби-7 спорт тури бўйича кўргазмали ўйинлар ўтказилди ва 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги Олимпиада ўйинларида ушбу спорт тури бўйича Олимпиада ўйинлари дастуридан расман ўрин эгаллайди.

Регби-7 спорт турини Олимпиада оиласига киритилиши, унинг оммавийлик ҳамда ривожланиш даражасини янада юксалишига хизмат қилмоқда. Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам спортнинг ушбу турига қизиқиш ва эътибор йилдан-йилга ортиб, профессионал клубларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Эътиборлиси, спортнинг ушбу турига юртимиз хотин-қизлари орасида ҳам қизиқиш юқори бўлиб, 2008 йилда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Осиё чемпионатида бронза медалига сазовор бўлган.

Йиғилишда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида ҳам сўз борди.

Конференцияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра Ўзбекистон Регби федерациясининг президенти этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Салиҳович Сафоев бир овоздан сайланди.

Йиғилишда, шунингдек, Ўзбекистон регби федерациясининг биринчи вице-президенти (Дилмурод Ибрагимов), федерация ижроий қўмитаси (Азимхон Ходжаев, Азамат Норов, Даниил Куликов) ҳамда тафтиш комиссияси аъзолари (Нафиса Абдуллаева, Жасур Артиков, Юрий Копаненко) овоз бериш орқали сайланди.