Россияда Иккинчи жаҳон уруши натижаларини инкор қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Ирина Яровая, РИА Новости
Ирина Яровая, РИА Новости

“Единая Россия” партиясининг Давлат Думасидаги фракцияси аъзоси, Думанинг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси  Ирина Яровая парламент қуйи палатасига Нюренбург трибуналини инкор қилиш ҳамда Иккинчи жаҳон уруши даврида Қизил армия отрядлари фаолиятини шубҳага олганлар учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.

Қонун лойиҳасига кўра, Гитлерга қарши курашган армиялар ҳақида “ғирт ёлғон” маълумотлар тарқатган жиноятчи уч йилгача қамоқ жазосига ёки 300 минг рубль миқдорида (тахминан 9,2 минг доллар) жаримага тортилиши мумкин. Агар бу мақсадларда “оммавий ахборот воситаларидан фойдаланилса”, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши, шунингдек, 500 минг рубль миқдорида (15,2 минг доллар) жаримага тортилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси муаллифига кўра, бундай жиноятларни Россия Тергов қўмитаси кўриб чиқади. Маълум бўлишича, янги қонун лойиҳаси Думанинг кузги сессиясида кўриб чиқилиши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, депутатларнинг Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ва жараёнлари бўйича ягона тўхтамга келишга интилиши, авваламбор, мамлакатда В.Путин бошлаб берган “миллий ғоя”ни кучайтиришга қаратилган бўлиши мумкин. Уларнинг фикрича, бу қарор Россия жамиятида кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланади ва халқни бирлаштиришга хизмат қилади. Россия Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими Олег Будницкийнинг BBCнинг рус хизматига берган интервьюсига айтилишича, у Нюренберг суди қарорларини инкор қилишни жиноят деб эълон қилишни қўллаб-қувватлайди. Чунки айрим мамлакатларда Холокостни икор қилганлик учун ҳам худди шундай қонун қабул қилинган.

 Қонун лойиҳаси муаллифи Ирина Яроваянинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши натижалари халқаро ҳамжамият нуқтаи назаридан тўғри баҳо олган, яъни махсус суд бўлиб ўтган. Нюренберг трибуналида Иккинчи жаҳон урушининг ҳақиқий иштирокчилари қатнашди, айбдорлар ўриндиғида ҳақиқий жиноятчилар ўтиришган. У ерда мавҳум тарихий фактлар тергов қилинмаган, балки далиллар ва материаллар асосида иш кўрилган. Хулоса қилиб айтганда, мазкур Нюренберг жараёнлари асос бўлиб, бу Иккинчи жаҳон уруши якунларига баҳо ҳисобланади. “Шунинг учун бу қарорни ҳар қандай нотўғри талқин қилиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва бу инсониятга қарши уюштирилган жиноятларни қайта баҳолашни англатади”, деди у, жумладан.  Унинг фикрича, бундай қонунлар Австрия, Германия, Польшада ҳам амалиётга татбиқ этилган.