Руминия Бош вазири Ўзбекистонга ташриф буюради

    43be65894da4a3ba7ebc77cb9a72f0c8_XLШу йилнинг 28 июнь куни Ўзбекистонга Руминия бош вазири Виктор-Виорель Понта расмий ташриф билан келади. Расмий ташриф доирасида Ўзбекистон ва Руминия ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукуматлараро музокаралар ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 26 июнь куни Ўзбекистон ва Руминия ишбилармонларининг учрашуви бўлиб ўтган. Ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, сайёҳлик, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, электртехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари раҳбарлари иштирок этган.

    Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Руминия иқтисодиёт вазирининг ўринбосари, туризм бўйича миллий агентлик раҳбари Рэзван Филипеску мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда ривожланиб бораётганини таъкидлади.

    Ўзбекистон билан Руминия ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт, маданият, илм-фан, сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликка оид ўндан зиёд битим имзоланган. Мамлакатларимиз ўртасида савдода энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган.

    Анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, биргаликда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар сонини ва маҳсулотлар турини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

    – Мазкур учрашув ишбилармонларимиз ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш учун қулай имкониятдир, – деди Р.Филипеску. – Ўзбекистон билан транспорт ва логистика, тўқимачилик, сайёҳлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари каби соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ўзбекистонда хорижий ишбилармонларнинг муваффақиятли иш юритиши учун яратилган қулай шароит ва кенг имкониятлар руминиялик тадбиркорларнинг қизиқишини кучайтирмоқда.

    Руминиялик ишбилармонлар юртимизда давом этаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, изчиллик билан амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар бераётган юксак самаралар билан танишдилар. “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.