Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова хотирасига Тошкентда ҳайкал ўрнатилди

gazeta.uz/uza.uz  А.Абдуллаев
gazeta.uz/uza.uz
А.Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва таниқли шоира Саида Зуннунова хотирасига Тошкент шаҳрида ҳайкал ўрнатиш тўғрисида”ги қарори асосида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида яна бир муаззам бадиий обида бунёд этилди, деб хабар тарқатди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.

Шу йилнинг 10 июнь куни – атоқли адиб Саид Аҳмад таваллуд топган кунда ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий боғига ижодкор зиёлилар, талаба ва ўқувчи ёшлар, маҳалла ва меҳнат жамоалари вакилларидан иборат кенг жамоатчилик тўпланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири А.Орипов, Ўзбекистон халқ шоири О.Ҳожиева, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг фарзанди Н.Ҳусанхўжаева ўзбек миллий адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган, бетакрор ижоди ва ибратли ижтимоий фаолияти билан ўзлигимизни англаш, ёш авлодни она Ватанга севги ва садоқат туйғуси, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида беқиёс хизмат қилган атоқли адибларимизга кўрсатилаётган юксак эъзоз ва эҳтиром ҳақида сўзладилар.

Маросимда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва ҳассос шоира Саида Зуннунованинг магнит лентасига муҳрланиб, тарих мулкига айланиб қолган сўзлари катта қизиқиш билан тингланди.

Маросим сўнггида ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйилди.

Бу гўзал ёдгорлик ўзида ифода этган таъсирчан бадиий мазмуни ва чуқур ҳаётий фалсафаси билан юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимизни маънавий уйғоқликка, ҳаётга янгича назар, янгича тафаккур билан қарашга, беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, ҳар томонлама сезгир ва уйғоқ бўлиш, яқин ва узоқ тарихдан хулоса чиқариб, мустақиллигимизнинг аҳамияти ва қадр-қимматини янада теран англаб, уни кўз қорачиғидек асраш ва ҳимоялаш йўлида фидойилик кўрсатиб яшашга даъват этади.

Тантанада Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов иштирок этди.