Жанубий Африка Республикасининг Sasol компанияси “Uzbekistan GTL” қўшма корхонасидаги улушини қисқартиради

Sasol-logo2

Жанубий Африка Республикасининг SASOL Ltd компанияси синтетик ёқилғи ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Uzbekistan GTL” қўшма корхонасидаги ўз улушини қисқартиради. РИА Новости хабарига кўра, у ўз ҳиссасини 44,5 фоиздан 25,5 фоизгача туширади.

SASOL компанияси тарқатган хабарда келтирилишича, компания бошқаруви лойиҳани тайёрлаш жараёни тугагунга қадар (FEED) ўзининг лойиҳадаги 44,5 фоизлик улушини 25,5 фоизга туширади. Хабарда келтирилишича, компаниянинг Жанубий Африка Республикаси ҳудудига йўналтирган инвестициялари ҳажмининг ортиши бундай қарорга сабаб бўлган.

2009 йилда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси Малайзиянинг Petronas ҳамда Жанубий Африканинг SASOL компанияси билан “Uzbekistan GTL” қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида таъсис шартномасини имзолашади. У Қашқадарё вилоятидаги Шўртан газ-кимё мажмуаси базасида бунёд этилиши кўзда тутилган.

Ҳозирги қадар ушбу лойиҳада “Ўзбекнефтгаз” МХК ва SASOL 44,5 фоиздан, Petronas эса 11 фоиз улушга эга бўлиб, 2011 йилда Petronas инвестиция рискларини диверсификация қилиши боис ўз улушини 33 фоиздан 11 фоизга қисқартирган эди.

Завод 3,5 миллиард мтер куб газни қайта ишлаш, 863 минг тонна дизель ёқилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395 минг тонна нафта ва 11,2 минг тонна сиқиқ газ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, уни беш йил ичида қуриш режалаштирилган.

Заводни барпо этишнинг умумий баҳоси 4,1 миллиард долларни ташкил этади.