Шерали Жўраев: “Биринчи муҳаббатим”нинг тарихини Абдулла Ориповдан сўраш керак

images (18)

Ўзбекистон халқ артисти, миллионлаб мухлисларга эга Шерали Жўраевнинг “Даракчи” газетасига берган интервьюсида қайд этилишича, одатда битта қўшиқ қиёмига етиши учун баъзида йиллар керак бўлади. “Бу  шеър санъатдан анча пайт узилиб қолган пайтимда юзага келган. Айрим сабабларга кўра, анча пайт қўшиқ куйламай қўйганман. Кунларнинг бирида тонг пайтида туш кўрдим… Ҳовлимиздаги дарахтнинг япроқлари шамолда тебраниб турармиш. Япроқлардан бирида бир гўзалнинг акси кўринди. Япроқдаги тасвир шамолда бир кўриниб, бир кўринмай қоларди. Худди ўша пайтда хаёлимда шу мисралар ўтди. “Эй гул ёноғингни яширма мендан…”  Кейинчалик  шеърнинг қолган сатрларини ҳам ёздим. Йиллар ўтиб шу шеър қўлимга тушиб қолганида, ана шу қўшиқ яралди”, дейди хофизнинг ўз қўшиқларига битилган шеърлари ҳақида.

Шерали Жўраевнинг фикрича, муҳаббат илоҳий туйғу. «Менинг биринчи муҳаббатим ҳам, охиргиси ҳам фарзандларимнинг онаси. (Кулиб)  Қўшиқни тарихи, яратилиш сабабларини эса, мендан эмас, шеър муаллифи Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Орипов сўрасангиз, тўғрироқ бўлади. Ҳаммасини у киши яхшироқ билсалар керак”, деб қайд этган.

 Халқ хофизи “Мен қўшиқчи эмас, қўшиқ танлайман. Қўшиқнинг сифатига, ижрочисига, дилга яқинлигига қараб ижрочисига баҳо бераман. Агар қўшиқни яхши ижро этган бўлса, “баракалла, қойил” деб қўяман. Ҳақиқий қўшиқдан завқланишни мен ҳам биламан. Мени “бошқаларнинг қўшиғини эшитмайди” дейишса, ишонманг”, деб айтган.

Таниқли шоир Хуршид Давроннинг сайтида ёзилишича, бу қўшиқ тарихи ҳақида унга куй басталаб, илк ижро  этган Шерали Жўраев бу ҳақда шундай дейди:

“Мен бу шеърни 1966-1967 йилларда Тошкентга ўқишга келганимда, Абдулла Ориповнинг китобидан олганман. Кейин тарихини эшитган эдим. Бир йигит бир улуғ зотнинг қизини севиб қолган бўлади. Лекин у қизга севгисини айта олмаган. Институтга бориб¸ унинг ëнбошидан қайтиб келаверган. Узоқдан кетаверган. Бориб яна қайтиб келаверган. Шунақа қилиб гапини айта олмасдан кузатиб юраверган. У қиз кейин бошқага турмушга чиқиб кетган¸ йигит эса бошқа қизга уйланган. Шу шеър ўшанда бино бўлган. Мен буни бутун севишганларнинг изтиробини ҳис қилган ҳолда қўшиқ қилганман.
Ўша пайтда “Ëш ленинчи” деган газета бўларди. Ўша газетанинг 1967-1968 йиллардаги сонини кўрсангизлар¸ “Шерали Жўраев деган ашулачи ҳеч ҳам ашула қилиш мумкин бўлмаган шеърни ашула қилибди” деб фелъетон қилган. У пайтда ғазал ашула қилинар эди. Бунақа шеърлар ашула қилинмас эди. 40 йилдан ортиқ вақтдан бери шу ашулани ҳамма эшитади, айтади, мазза қилади».

203be342511d04bb70e166f6d3f5777aШоир Абдулла Орипов эслайди:

“Шеърнинг ëзилганига 50 йилдан ошди. Ëзилган оддий шеър энди. Ўқиб олаверасиз. Бошқа ҳеч қанақа гапи йўқ бу шеърнинг. Ҳофизлар 40-50 йилдан бери айтиб келаяпти. Ҳоди Тоқтошнинг “Муҳаббат ул эски нарса¸ ҳар бир қалб они ëнғорта” деган гапи бор. Одам боласи тирик бўлгандан кейин севади, севилади. Мен бу муҳаббат мавзуида кўп шеърлар ëзганман. Бу Муҳаббат туйғуси борки, шеър бор, адабиёт бор”.

Абдулла Ориповни яқиндан таниган  Исмат Хушевнинг айтишича, «Абдулла аканинг бир пайтлари айтишлари бўйича Тошкентда Ислом дини акобирларидан бўлмиш улуғ бир зотнинг қизлари бўлган. Абдулла ака ўша гўзал қизни яхши кўриб қолганлар. Ўшанда Абдулла акага “Ҳўв йигит, сен кимсану бу ким? Бу бир париваш қиз. Тошкент шаҳрида иккита бўлса¸ биттаси бу. Сен қишлоқдан келган ялангоëқ бола. Кимга меҳр қўйдинг? Сен қанақа дорга осилаяпсан? У қизнинг ўзи бир олам бўлса¸ унинг оиласи бир олам. Отаси Тошкентдаги энг нуфузли Ислом олимларидан” деб айтишган. Абдулла аканинг ўзи ҳам ҳаракат қилган¸ аммо гўзал бир қиз қишлоқдан келган чумчуқдай бир йигитчага эътибор қилмаган шекилли-да”.

— Мен Абдулла аканинг мухлиси сифатида у кишининг юксак муҳаббатининг маҳсули бўлган мана шу шеър ёзилишига сабабчи бўлган воқеа-сабаб ҳақида ўзимнинг эшитганларимни айтиб бердим.  Бу менинг билганларим.  Балки бу ҳақиқатдан йироқдир. Менинг болалик шууримда¸ ўспиринлик шууримда Абдулла ака ҳикоя қилган гўзал қизнинг хира-шира чеҳраси ҳануз қадар кўз ўнгимда, мен уни кўрмаган бўлсам ҳам, шу шеър эсимга тушган пайтда ажиб бир ҳолатда жилваланиб туради, — дейди журналист.

 

БИРИНЧИ МУҲАББАТИМ

Кеча оқшом фалакда ой бўзариб ботганда,
Зуҳра юлдуз милтираб, хира ханда отганда,
Руҳимда бир маъюслик, сокинлик уйғотганда,
Мен сени эсга олдим, биринчи муҳаббатим,
Эслаб хаёлга толдим, биринчи муҳаббатим.

Ўтди ёшлик завқ билан, гоҳи тўполон билан,
Гоҳида яхши билан, гоҳида ёмон билан,
Айро ҳам тушдим баъзан¸ қалб билан имон билан,
Лекин сени йўқотдим, биринчи муҳаббатим,
Мангу ғафлатда қотдим, биринчи муҳаббатим.

Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан,
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.

Холбуки орзулардан жудо ҳам бўлганим йўқ,
Юдуздай куйганим йўқ, ой каби тўлганим йўқ.
Эрта хазон гул каби сарғайиб, сўлганим йўқ,
Сени эслаб йиғлайман, биринчи муҳаббатим,
Эслаб бағрим тиғлайман, биринчи муҳаббатим.

Йўлин йўқотса одам – муҳаббатга суянгай,
Ғуссага ботса одам – муҳаббатга суянгай,
Чорасиз қотса одам – муҳаббатга суянгай,
Мен кимга суянгайман, биринчи муҳаббатим,
Фақат эслаб ёнгайман, биринчи муҳаббатим.

Нидо бергил, қайдасан, шарпангга қулоқ тутдим,
Сирли тушлар кўриб мен бор дунёни унутдим,
Тонгда туриб номингга ушбу шеъримни битдим,
Дилдаги охим менинг, биринчи муҳаббатим,
Ёлғиз Оллоҳим менинг, биринчи муҳаббатим.