Ислом Каримов сирдарёлик фермерлар билан учрашди

8910
UzA

Президент Ислом Каримов 19 июнь куни Сирдарё вилоятига келди.

ЎзА хабарида келтирилишича, вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиши 9,5 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, пуллик хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларда ҳам барқарор ўсиш таъминланди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг изчил ривожланиши натижасида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнес субъектларининг улуши 53,5 фоизни ташкил этди. Қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, тадбиркорларга кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётгани самарасида жорий йилнинг биринчи чорагида 181 кичик бизнес субъекти, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 57 янги корхона ташкил этилди.

Бу йил вилоятда қарийб 90 минг гектар майдонда бошоқли дон экинлари етиштирилди.

Ислом Каримов Оқолтин туманидаги “Авазбек Умаров” фермер хўжалиги даласида бўлиб, фермерлар билан суҳбатлашди.

Ғаллачилик ва пахтачиликда муҳим бўлган кунларда деҳқонларимизга ҳорманг, дейиш, уларга куч-қувват тилаш менга катта мамнуният бағишлайди, деди давлат раҳбари. Сиз каби инсонларнинг фидойилиги билан мамлакатимиз улкан ютуқларга эришмоқда.

Халқимиз ўтган даврда турли синов ва қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтди. Мустақилликка эришиш арафасида ва истиқлолнинг дастлабки йилларида Президент ташаббуси билан аҳолига томорқа учун ерлар ажратилгани, Ўзбекистон бўйича 700 минг гектар суғориладиган ер томорқа сифатида берилгани қишлоқларимиздаги кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик. Бугун фермерлар – мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир, деди Юртбошимиз. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим. Чунки фермерлик ҳаракати иқтисодиётимизни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қиладиган қудратли кучдир.