Сноуден Эквадордан сиёсий бошпана сўради

59ac1802

АҚШда айғоқчилик қилганликда айбланаётган Эдвард Сноуден Гонгконгдан Россияга учиб келган. У Москва аэропорти меҳмонхонасида Эквадор элчихонаси вакиллари билан учрашган ҳамда сиёсий бошпана сўраган. Буни Эквадор ташқи ишлар вазири ўзининг твиттердаги саҳифаси орқали ҳам тасдиқлаган.

Ўз навбатида, АҚШ давлат департаменти Эквадор, Куба, Венесуэла ҳукуматларига Сноуденни қабул қилмасликни сўраб мурожаат қилган.

Хроника

5 июнь куни Буюк Британиянинг The Guardian нашри махфий суд қарорини эълон қилди. Унга кўра, АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги миллионлаб америкаликларнинг телефон қўнғироқларини кузатиб борган.

6 июнь куни The Washington Post махфий терроризмга қарши курашиш дастури ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси Американинг технологик компаниялари серверларидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

9 июнь куни The Guardian ва The Washington Post Эдвард Сноуденни махфий маълумотларни тарқатган манба сифатида эълон қилган.

10 июнь куни АҚШ адлия вазирлиги Сноуден бўйича суриштирув ишларини бошлаб, унинг Гонгконгда эканлигини қайд этган ва ушбу автоном давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан мулоқотга чиқишган.

14 июнь куни АҚШ ҳукумати Эдвард Сноуденни айғоқчилик, давлат мулкини ўғирлаганлик ҳамда махфий маълумотни онгли равишда эълон қилганлик бўйича расман айблов қилди ва уни ҳибсга олишга санкция берилди.

15 июнь куни АҚШ Гонгконгдан амалдаги икки томонлама экстрадиция тўғрисидаги шартномага мувофиқ, Сноуденни ҳибсга олишни ҳамда АҚШга топширишни сўраб мурожаат қилди.

17 июнь куни Гонгконг расмийлари АҚШ мурожаатини олишганини ҳамда масала кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Федерал тергов бюроси ҳамда АҚШ адлия вазирилиги Гонгконгдаги ҳамкасблари билан мулоқотни бошлаб юборишди.

19 июнь куни АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер Гонг-Конг Адлия вазири Юэнь Римски билан телефон орқали мулоқот қилиб, Америка учун бу масала жиддий эканлигини ҳамда Сноуденни ҳибсга олишни талаб қилган.

21 июнь куни Гонгконг расмийлари АҚШдан Сноуденга нисбатан эълон қилинган айблов бўйича кўпроқ маълумот ҳамда далиллар беришни сўраган.

23 июнь куни Гонгконг маъмурияти АҚШни экстрадиция тўғрисидаги сўровни асоссиз деб топганлиги ҳамда Гонгконгни тарк этишга рухсат берганлигини маълум қилган. АҚШ расмийлари Гонгконгнинг бу қароридан хафсаласи пир бўлганини маълум қилди.