Собир Ўнар: “Китобхонлик ҳамма жойдаги муаммо”

Собир-УнарЁзувчи, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Собир Ўнарнинг фикрича, сўзни беҳуда сарф қилмаслик бугунги адабиётда яна кун тартибига чиқмоқда. “Образларимиз жуда кўп гапирадиган вайсақиларга айланиб бормаяптими? Тушунарсиз ҳолатни тушунтириб берамиз деб ўзимиз ҳам обдон уриниб ётганга ўхшаймиз. Биз Европа, Лотин Америкаси адабиётини бир қадар ўқяпмиз. Уларга очиқ юз билан қарашимиз керак. Профессионализмни, ҳолат, сўз, фикр ва манзарани қай тарзда ифодалашни ўрганишимиз лозим”, деб ёзади ёзувчи “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири Шодмонқул Салом билан суҳбатида.

Ёзувчининг қайд этишича, баъзи бир ёзувчилардаги зўракиликни, нотаабий — сунъийликни кўриб, руҳий кучларига ҳавас қилган ҳолда, даҳолик табиийликка дахлдор эканига иқрор бўлади.

Унинг фикрича, бугунги ўзбек адабиётида, яъни бадиий насрда қаҳрамон масаласи бир қадар турғунлик касб этган. “Лекин у, албатта, яратилади, балки яратилаётгандир. Халқимиз дунё ҳамжамятида мустақил давлат бўлиб, ғурури, шаъни, ор-номуси билан бирга, меҳнаткашлиги, фидойилиги, раҳбарлиги, маданияти жиҳатдан бировдан зиёд бўлса зиёдки, асло кам эмаслигини кўрсатди. Эҳтимол, бундай бадиий публицистика ва ҳужжатли наср ҳам байроқдор бўлиши мумкин эди. Ахир, ёзувчиларимиз қат-қат очерклар, узундан-узун мақолалар ёзиб қизил шўрони мақтаб обрў олар эдилар…”, дейди у, жумладан.

Собир Ўнарнинг фикрича, ижод кишиси ўзининг мустаҳкам позициясини билдириб, холис фикр айтиб, керак бўлса, бадиий публицистик асарлари билан мунтазам қатнашиб туриши керак. Чунки ёзувчи барибир ўз асари, чиқиши орқали одамлар онгига таъсир ўтказа олади.

Ёзувчи бугунги китобхонлар ва китоб ўқиш ҳақида фикр билдирар экан, ўтган асрнинг саксонинчи йиллар китобхонлиги билан бугунгисини таққослаб бўлмаслигини айтади. “Яқинда 28 ёшга кирган бир инсонга “Толстой” деган ёзувчининг асарларини биласизми?”, деб савол бериб, елка қисганидан ҳайрон қолдим. “Балки Толстой деб эшитгандирсиз?” десам, яна шу аҳвол. “Рус тилини билмассиз, шунинг учун эшитмаган чиқарсиз”, деб ёлғондан вазиятни юмшатишга уриндиму, унинг мақтанганнамо “умуман билмайман” дейишини кўриб негадир ўзимни ҳам ёмон кўриб кетдим: шунча тиришиб-тирмашиб ёзиб ётган адиблар аслида аслида лайлак ҳайдаб юрган экан-да… Тўғрисини айтай: у инсон олий маълумотли эмас, бироқ ўрта махсус таълим эгаси, мактабда дарс беради”, деб фикр билдиради.

Собир Ўнарнинг айтишича, “Бунақа жоҳилларни кўрганда дилинг хуфтон бўлади. Адабиётга дахлдор нашрлар, алалхусус, журнал-газеталарнинг жами тиражи 25 минг нусхага ҳам бормайди. У ёғини сўрасангиз, Россияда ҳам адабий нашрларнинг аҳволи бизникидан хароб. “Ёшлик” журналининг шу йилги 3-сони 6660 дона чиқди. Журнал қўлдан-қўлга ўтиб ўқилишини ҳисобга олсак, ўқувчилар сони бундан кўпроқ дейиш мумкин. 150 миллиондан ортиқ одам яшайдиган Россиядаги “Новый мир” ва “Дружба народов” журналларининг адади бизникидан ҳам кам. 1988 йилги бир маълумот эсимда: Бутуниттифоқ журнали “Юность”ники 400 минг 400 мингтага етмаган ҳолда “Ёшлик”ники 800 минг нусхадан ортиқ эди. Демоқчиманки, китобхонлик ҳамма жойдаги муаммо, лекин ўзбеклар ҳеч вақтда адабиётдан йироқлашиб кетмаган”.