Standard & Poor’s “Самарқанд” банки рейтинг прогнозларини кузатишдан бош тортди

banksamarkand

Дунёга машҳур рейтинг агентлиги — Standard & Poor’s “Самарқанд” очиқ акциядорлик-тижорат банкининг узоқ ва қисқа муддатли кредит рейтингини “ижобий”дан “барқарор”га қайта кўриб чиқиб, “ССС/С” даражасида тасдиқлади. Бу ҳақда Trend.az сайти хабар тарқатди.

Шу билан бир қаторда,  Standard & Poor’s банк рейтинг олиб бориш учун зарур ахборотларни ўз вақтида тақдим этмаётганлиги учун унинг рейтингини кузатиб бормаслигини маълум қилган.

“Прогнозни қайта кўриб чиқиш бизнинг фикримизни ифода этади. Банкнинг “позитив” рейтинг прогнози қайта кўриб чиқилиши банк томонидан тақдим этилган ахборотларнинг етишмаслиги оқибатидир”, дейилади рейтинг агентлиги ахборотида.

Standard & Poor’s банкдан унинг жорий ёки прогноз қилинадиган фаолияти бўйича сўнгги йилги молиявий ҳисоботини ёки бошқа ахборотларини олмаган.

Агар “Самарқанд” ОАТБ таҳлил ва прогноз учун етарли ахборотларни тақдим этиб, бундай ёндашув доимий аҳамият касб этишини тасдиқласагина, агентлик рейтинг прогнозлари бўйича кузатувни қайта тиклашини маълум қилган.

Банкка “ССС/С” рейтинг даражаси позитив прогнози билан ўтган йили май ойида тақдим этилган. Бу “b+” базавий рейтинг даражасини, шунингдек, кучсиз бизнес позицияни, капитализация ва даромадлиликнинг жуда кучли кўрсаткичларини ҳамда рисклар бўйича кучсиз позицияни, ликвидлик бўйича мосликни ўзида ифода этади.

“Самарқанд” ОАТБ 2000 йил декабрида хусусий ёпиқ акциядорлик жамияти шаклида тузилган бўлиб, у 2008 йилда очиқ акциядорлик-тижорат банки сифатида қайта ташкил этилган. 2011 йил бошига банкнинг активлари 36,1 миллиард сўмга етган. Банкнинг устав капитали 21,9 миллиард сўмни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йилнинг бошида Ўзбекистонда 28 та банк халқаро рейтинг кўрсаткичларига эга.