Сурхондарёда уйларни кемираётган термитлар…

862047_561372813894557_1530424045_n

Сурхондарё вилояти Термиз тумани Баҳористон қишлоғи аҳолиси кун исиши биланоқ кўнгларига ғул ғула туша бошлайди. Яна ўша ҳар доимги муаммо илиқ ёмғирдан сўнг термитларнинг ғиж-ғиж кўпайиб кетишию ёғочларнинг емирилиши. Ёғоч емирилса ҳам майли эди, бу зараркунандалар қоғоз, китоб ҳамда кийимларнинг ҳам кушандасидир. Бу муаммо тўрт йилдирки қишлоқ аҳлига тинчлик бермайди. Ҳали у қўшни қишлоқдан кўчиб кетади, ҳали бу қўшни уйини қайта қуриш билан овора.  Термитларга қарши курашишдан эса ҳамма чарчади, фойдаси йўқ, дея хурсиниб қўйишади қишлоқ аҳли.

Бу қишлоқдаги уйларнинг аксарияти хом ғиштдан қурилган. Бу эса термитларнинг девор бўйлаб осонлик билан ҳаракатланиши учун яхши имконият. Қолаверса, ҳудуд кўлга яқин жойлашган. Сувни афзал кўрадиган ҳашоратлар учун айни муддао. Қишлоқнинг 70-80 фоиз турар жойларида термитлар учрайди. Қишлоққа қўшни бўлган Термиз аэропорти ҳам бу муаммодан мустасно эмас.

— Уйимни учинчи бор қуришим. Аввалги уйим хом ғиштдан бўлганлиги туфайли термитлар уни осонликча ўйиб ташлашди. Икки сафардан буён пол, дераза, потолокларимни еб кетишди. Бу сафар пиши ғиштдан қурдим. Қуришдан аввал атрофдаги термитларни йўқотиш чораларини кўрдим, ҳашорат дори воситалари фойда бермагач салярка билан тозалаб чиқдим, йўқолгандай бўлди кейин қурилишни бошладим, — дейди Баҳористон қишлоғида истиқомат қилувчи Азамат ака. — Тўғридаги уйнинг ром, эшик, полларини термитлар еб битиришгач эгалари иложсизликдан ташлаб, бошқа жойга кўчиб кетишди.  Бу уй шу кундан бошлаб бўш турибди.  Маҳалламиздаги уйларнинг деярли ҳаммасида термит топилади. Мен ҳам кўплаб қатори уйимни иккинчи маротаба қайта қурганларданман.  Бу зараркунандалар уйимнинг 50 фоизини еб кетишган эди, дейди истиқомат қилувчилардан яна бири.

Қишлоқ  аҳолисининг ёшу қариси термитларнинг табиати ва у ҳақдаги барча маълумотларни  яхши билиб олишган. Гоҳ гоҳида аввалги ини бўлган жойларни ковлаб туришади. Зора, кўпайишидан олдин йўқотсак деган умидда.  — Севимли озуқаси ёғоч, қўйиб берсангиз бетонни ҳам кемиради. Ҳашоратни йўқотиш учун қўлимиздан келган  барча чораларни кўраяпмиз, фақат курашиш борасида бирор натижага эришиб бўлмаяпти, деб қўйишади.

Термитларнинг табиати

Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти қошидаги  «Республика термитларга қарши курашиш маркази» олимлари бу чумолиларнинг турлари ва тузилишини бир неча йиллардан буён ўрганиб келишади. Изланишлар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда учрайдиган каспий орти ва туркистон турлари ҳавфлилардан ҳисобланади. Айнан ана шулар Республикамизнинг кўплаб ҳудудларида кенг тарқалган.

804294_561372797227892_948901917_n

Ҳайратланарлиси, ушбу ҳашорат жиркач кўрингани билан унинг меҳнат тизими қойилмақом қилиб ташкиллаштирилган, қолаверса у қиролик тизимига асосланган. Бу туркумдаги чумолилар шоҳ ва малика ҳамда ишчи ва аскарлардан таркиб топган. Ишчилар шоҳ ва маликага озуққа етказиш учун тупроқ заррачаларини  бир бирига ёпиштириб, юпқа лой сувоқ  ҳосил қиладилар ва шу  орқали озуқани қироллик инига етқазади.

Эшик, ром, томларга қурилган лой сувоқ хонадон эгаси томонидан қириб ташлангани билан, эртаси куни янги лой сувоқ қайта ётқизилалигининг гувоҳи бўлиш мумкин. Агар асосий ин ковлангудек бўлса, термит ишчи ва аскарлари вақтни бой бермай бошқа ин қазиб, шоҳ ва маликани тезда ҳавфсиз жойга кўчиришади.

Термитлар ёшига қараб 8 та табақага бўлинган. Ҳар биттаси ўзининг вазифасига эга. Егулик табақама табақа истемол этилиш йўли орқали етказилади ва у маликага икки ой деганда етиб боради. Шу вақт давомида егулик суюқ ва ҳавфсиз озуқага айланади.

Тарихига назар соладиган бўлсак, Туркистонда у илк маротаба ўтган асрда 16 метр чуқурликдан топилган. Инсоният ерларни фаол ўзлаштира бошлаганидан сўнг, ер ости сувларидан қочиш мақсадида ер устига чиқа бошлашган. Бу ҳашоратларда асосан малика личинка қўяди. У бир дақиқада 30 та, суткасига 42 мингта личинка қўяди.

Тегишли чоралар кўрилмоқдами?

Маълумотларга қараганда Сурхондарё вилояти бўйича 5 мингга яқин хўжалик, маданий  ва тарихий обидалар  термитдан зарар кўрмоқда. Улар Термиз, Шеробод, Музработ, Қизириқ, Ангор туманларида учрайди. Зараркунандалар асосан Термиз шаҳрида кўп қайд этилган. 2010 йилда ЎзФА Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти қошидаги  Республика термитга қарши курашиш маркази 137 та хонадонга “антитермит” тузоқ воситаларини ўз ҳисобидан ўрнатган эди. 2011 йилга келиб ушбу лойиҳа якун топди. Натижалар ёмон эмас албатта, бироқ термитларнинг кўпайиши шу билан тўхтаб қолгани йўқ.

862073_561372790561226_874824208_n (1)

Баҳористон қишлоғидаги вазият билан танишиш мақсадида Сурхондарё вилояти Хокимияти ҳамда дезинфекция станцияси  ходимлари томонидан зарарланган ҳудудлар ўрганилди ҳам. Хатто, баъзи уйларга трубка шаклида ясалган антитермит воситалари ўрнатилди. Аммо, комплекс шаклидаги тадбир, оммавий дезинфекция олиб бориш борасидаги масала эътибордан четда қолмоқда. Мутахассисларнинг айтишларича, бир хўжаликни ёппасига антитермит дори воситаси билан таъминлаш учун «450-500 минг” сўм миқдорида маблағ сарфланар экан. Аммо, бу хўжалик қайси маблағ ҳисобига дезинфекция қилинади деган савол туғилади?

2012 йил 2 февраль санасида эпидемиологик вазиятни олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Термитга қарши кураш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарларини камайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, дезинфекция станциялари аҳоли яшайдиган уй-жойларда, ижтимоий соҳа объектларида, корхона ва ташкилотларда ҳамда маданий-тарихий обидаларда термитларга қарши курашиш ва профилактик чора-тадбирларни амалга ошириши тўғрисидаги банди киритилди.

Қарорга биноан яшайдиган уй жойларда термитга қарши курашишда  дизенфекция отрядлари шуғулланади. Антетермит дори воситаларини уларга Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти қошида ташкил этилган «Республика термитларга қарши курашиш маркази» унитар корхонаси ишлаб чиқариб, етказиб беради. Аммо, қайси маблағлар ҳисобига бу ишлар амалга оширилиши қарорда қайд этилмаган.

Муаммолар кетма кетлиги

 Масаланинг яна бир томонини кўриб чиқсак. Баҳористон қишлоғи фуқаролари антитермит воситасинининг  донаси дезинфекция станцияси ходимлари томонидан 5 минг сўм маблағи ҳисобида пулланганлигини айтишади. Ушбу дори воситаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимликлар институти қошидаги  Республика термитга қарши курашиш марказида тайёрланиб, расмий сотилиш нархи 406 сўм 20 тийин белгиланган. Вилоят дезинфекция станциялари мутахассислари  дорини ўрнатишда ҳар биттасидан 335 сўм маош олишади. Биз Сурхондарё вилоятига 10000 дона антитермит приманкасини етказиб бериш бўйича вилоят Дезинфекция станцияси билан  6750000 сўм маблағи ҳисобида шартнома тузган эдик.  Аммо, маблағнинг 10, 15 фоизигина ўтказилган холос, дейди марказ раҳбари Аловиддин Ҳамроев.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Сурхондарё вилояти Дезинфекция станцияси бош врачи  Иброҳим Худойбердиевга мурожаат этганимизда ташкилот аксар ҳолатда дориларни ўз маблағлари ҳисобига ҳарид қилишини айтиб ўтди. — Ташкилот хўжалик ҳисобидан бўлганлиги туфайли вақти келганда ходимларни ойлик маош билан таъминлаш имкониятимиз ҳам бўлмай қолади, дейди у. Зарарланган хўжаликлар эса дори дармонларни  бепул етказиб беришимизни кутишади. Фермер хўжаликлар  эса бу масалада қизиқишларини ҳам билдиришмаяпти. Ахир эртага кўплаб ҳудудлар дезинфекция қилинса, бу уларнинг ҳам фойдасига хизмат қилар эди, — дея сўзини якунлайди.

Қишлоқни четга қўя турайликда унга қўшни бўлган Термиз халқаро аэропортидаги вазиятга эътиборимизни қаратсак энди. Аэропорт ҳудуди 280  гектар майдондан иборат бўлиб, унинг 80 гектар  учиш ва қўниш  майдони бетон ва асфальт қопламаларидан иборат. 200 гектар ҳудуд эса ёппасига термитлар уясига айланган. Ҳаттоки бетон ва асфальт қопламаларининг остида ҳам термит уялари мавжуд. Самолёт қўнишида  тупроқ кучли силкиниши  туфайли  бетон қопламасининг  айрим участкаларида  чўкиш эҳтимоли  бўлганлиги туфайли ҳалокат  юз бериши мумкин. Бундан ташқари термитларнинг баҳорда  ёппасига  учиб чиқиши даврида  бетон ва асфальт юзаси  термитлар билан қопланиши натижасида  самолётни  издан чиқариб юбориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Термитга қарши кураш маркази зиммасига стратегик объектларни бепул асосда антитермит воситалари билан таъминлаш мажбурияти юклатилган эди. Маркази раҳбари Аловиддин Ҳамраев бу стратегик объектларга фақат электростанциялар киришини айтиб ўтди. Қолаверса, улар Термиз аэропортида антитермит тузоқ воситаларини ўрнатиш учун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига  1 миллиард  2 миллион сўм маблағ ҳисобида шартнома тузиш таклифи билан чиқишганини таъкидлайди. Маблағнинг катталигидан чўчиган миллий авиакомпания раҳбари таклифни рад этади. Хатто, 5 миллион  сўм маблағи ҳисобидаги шартномага ҳам розилик билдирмайди.

Муаммолар кетма кетлиги тугамайди. Қизиғи уларнинг ечими маблағга бориб тақалмоқда. Яқинда Республика термитларга қарши курашиш маркази Хива шаҳрига антитермит воситаларини ишлаб чиқиш бўйича молия вазирлигига расмий хат билан мурожаат қилди. Агар жавоб ижобий ҳал этилса, антитермит воситалари билан таъминлаш навбати кейинги вилоятларга ўтилиши мумкин. Акс ҳолда, ҳолат шу тариқа қолади.

Баҳористон қишлоғига йўл олганимизда у ерда истиқомат қилувчи яна бир оила уй жойини сотиб кетиш қарорига келганлиги ҳақдаги хабар қулоғимизга чалинди. Ҳар қалай баҳор келди. Ҳали замон термитлар бош кўтара бошлайди, уларга қарши курашишга эса ҳавсала қолмаган. Мижоз чиқиб қолгудек бўлса, унга бу ердаги вазият ҳақида айтилмайди. Ахир билиб қолгудек бўлса, ҳарид қилиш фикридан қайтиши мумкин…

Муқаддас ПРИМҚУЛОВА.

Суратларни мақола муаллифи юборган.