Таксимнинг биринчи зарари: Туркиянинг ЕИга аъзолиги бўйича музокаралар яна 4 ойга қолдирилди

218709647Европа Иттифоқига аъзо-давлат ташқи ишлар вазирлари Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кириши бўйича мулоқотларни 4 ойга кечиктириб туриш ҳақидаги Германия таклифини қўллаб-қувватлашди. Ушбу музокаралар жараёни чоршанба куни очилиши керак эди. Аммо Германия, Австрия, Нидерландия расмий Анқаранинг мамлакатдаги намойишларни бостириш бўйича кўрган чораларини кескин танқид қилиб чиққан эди.

Яқинда Истамбулда бўлиб ўтган тартибсизлик чоғида полиция вакилларига ҳужум қилганликда гумон қилиниб 20 киши ҳибсга олинган. Улар, шунингдек, терроризмга алоқадорликда айбланмоқда.

Германия ташқи ишлар вазири Гвидо Вестервелле Туркия билан муносабатлар кескинлашганини кўрсатмасликка ҳаракат қилди. Сешанба куни у туркиялик ҳамкасби Аҳмед Довудўғли билан мулоқотлар конструктив ўтганлигини маълум қилди. Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли ҳам Европа Иттифоқи билан музокаралар қанчадир вақт ўтиб қайта тикланишига умид билдирди.

Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги бўйича музокаралар 2005 йилда Хорватия билан бир вақтда бошланган бўлиб, Хорватия кейинги ҳафтадан расман ЕИ аъзосига айланади. Европа Комиссияси маърузасида келтирилишича, Туркия Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кириши бўйича талабларни тўлиқ бажармасдан келмоқда. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ҳамда демократия билан боғлиқ жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ўтган йили Туркия ЕИга аъзо бўлиш учун институционал ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Европа Комиссиясидан 856 миллион доллар миқдорида ёрдам олди.

Германия канцлери Туркиянинг Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киришига қаршилик қилиб, ушбу мамлакатга имтиёзли шерик мақомини беришни илгари сурмоқда. У сентябрда бўлиб ўтадиган сайловларда ғалаба қозонмоқчи. Бу даврда Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралари қайта тикланмайди. Чунки аксарият германиялик сайловчилар Туркиянинг ЕИга киришига хайрихоҳлик билдиришмайди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, Туркия ва Германия мамлакатлари расмийлари ўртасида Истамбул намойишлари бўйича даҳанаки жанжаллар бўлиб ўтган эди. Натижада икки мамлакат ташқи ишлар маҳкамалари бир-бирларининг элчиларини изоҳ бериш учун чақирганди.

Кеча Люксембургда йиғилган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Туркия ЕИга аъзо бўлиш бўйича талабларни бажариш юзасидан янги маъруза тақдим этилганидан сўнг бошланишини маълум қилган. Уларда Европа Иттифоқи томонидан Туркияга тавсия қилинган вазифалар муҳокама қилинади. Умуман, Туркияга ЕИга аъзо бўлиш учун 35 та шарт илгари сурилган бўлиб, уларнинг 13 таси бўйича маърузалар тақдим этилган. Қолганлари турли можаролар ва зиддиятлар боис ортга суриб келинаётган эди.