Туркия намойишлари: “иқтисодий мўъжиза” даври тугадими?

2013622122727857734_20Маълумки, сўнгги бир неча йил ичида араб мамлакатларида юз берган “Араб баҳори” инқилоблар асоси, гарчи Ғарб мамлакатлари махфий кучларининг роли ва таъсири катта бўлса-да, аҳолининг турмуш шароити ёмонлашуви, ишсизлик, айниқса, ёшларнинг бандлиги билан боғлиқ муаммоларнинг йиғилиб қолганидан авж олган эди. Тунис, Миср бунга яққол мисолдир. Айнан иқтисодий ва ижтимоий танглик ушбу мамлакатларда социал кескинликнинг ортишига, ёшларнинг радикаллашувига ҳамда ташқи кучларнинг фаоллашувига олиб келди. Айниқса, ижтимоий тармоқлар ёрдамида бу инқилоблар маромига етказиб ижро этилди.

Шу йилнинг май ойида бошланган Туркиядаги ижтимоий намойишлар ҳам бугун таҳлилчилар томонидан турли таҳлил қилинмоқда. Бир гуруҳ экспертлар бу ташқи кучлар таъсирида юз бераётганини таъкидласа, яна бир гуруҳи мамлакатда юзага келган ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг юзага чиқиши сифатида баҳолашмоқда. Айрим экспертлар Таксим намойишларини сиёсий амбициялар билан боғлашаётганини кўриш мумкин. Уларнинг фикрича, мамлакатдаги айрим консерватив кучлар Адолат ва тараққиёт партиясининг нуфузига айнан шу йўл орқали салбий таъсир ўтказишни ният қилган. Булар, албатта, олимлар томонидан чуқур таҳлил қилиб чиқилади.

Бизнингча, Туркия узоқ йиллар давомида барқарор ривожланиб, нафақат ўз халқини ром айлади, балки изчил тараққиёти бўйича халқаро экспертларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлиб келаётган эди. Буни “иқтисодий мўъжиза” деб ҳам аташарди. Масалан, биргина Тайип Эрдоғаннинг ўн йиллик бошқаруви даврида мамлакатда инфляция кўрсаткичлари йилига 30 фоиздан 6,6 фоизгача тушди. Экспорт ҳажми эса йилига 36,2 миллиард доллардан 153 миллиард долларга кўпайди. Киши бошига ялпи ички маҳсулотнинг улуши 3492 доллардан ҳозирги кунда 10 минг доллардан ортиб кетди.

Аммо намойишлар бошланган бир даврда Туркия иқтисодиёти орқага тисарила бошлаган эди. Агар 2011 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсиши суръати 8,5 фоизни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бор-йўғи 2,2 фоизни ташкил қилди.

Гап шундаки, Туркия иқтисодиёти кўп жиҳатдан мамлакатга жалб қилинган инвестиция ва молия бозорининг ликвидлиги билан бевосита боғлиқдир. Аммо мамлакатни қамраб олган намойишлар ва унга амалдаги ҳукуматнинг муносабати бу жараённи янада оғирлаштириши мумкин. Шундоқ ҳам мамлакатнинг туризм индустрияси етарлича зарба олди. Сўнгги маълумотларга кўра, биргина Истамбул шаҳри сайёҳлик саноати 55 миллион еврони бой берган. Намойишлар бошлангандан бери шаҳардаги 300 та меҳмонхонадан 216 минг брон қилинган жой бекор қилинган.

Таксим намойишлари, алал-оқибат, мамлакат имижи учун жиддий зарба берди, Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ҳақида режалари ҳам бирмунча орқага сурилди, Германия ва Туркия муносабатлари «боши берк кўчага» кириб қолди.

Агар Таксим сингари намойишлар демократик қадриятлар шаклланмаган давлатларда бўлиб ўтганда, албатта, ушбу мамлакатларда қаттиққўллик билан бундай намойишларни бостириш жиддий салбий оқибатларга олиб келмаслиги мумкин эди. (Миср, Ливия, Тунисда мамлакат раҳбарияти етарлича вазиятни баҳолай олмаганди барибир)  Бунда асосий эътибор раҳбар (лидер) муаммони жойида ҳал этиши ўринли ва асосли бўларди. Аммо Туркияда бундай кескин чоралар айнан Тайип Эрдоған партиясининг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки демократик қадриятларга эга Туркияда ижро ва қонун чиқарувчи орган сайловлар йўли билан шаклланади. Шу боис ҳукумат бўлажак сайловларда катта дастакка эга бўлмаслиги мумкин.

Иккинчидан, араб мамлакатларидаги барча ўзгаришларда Туркия мухолифат тарафида турди ва бу унинг минтақадаги лидерга айланишига замин яратди. Аммо ўз мамлакатида жиддий социал тангликнинг юзага келиши Туркиянинг минтақадаги обрўсига ва унинг халоскорлик орзуларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Учинчи хулоса шундаки, Туркиядаги намойишлар барибир мамлакатда жиддий ўзгаришларга олиб келмайди. Аввало, Туркия Ғарбнинг анча қалин шериги ҳисобланса, Сурия, Эрон ҳамда Россия билан истиқболдаги таҳдидларнинг олдини олишда ушбу мамлакат учун ўз қадр-қимматини йўқотмайди. Туркия бу намойишлардан йўқотиши мумкин бўлган ягона эҳтимолий натижа, шубҳасиз, иқтисодий вазиятнинг оғирлашуви ҳамда Адолат ва тараққиёт партиясининг мамлакатдаги позициясининг кучсизланишидир.

Мурод ҒОФУРОВ