Ўзбекистон мобиль операторлари давлат қўмитасини судга берди

Ўзбекистондаги мобиль операторлари – «Unitel» ХК МЧЖ (“Beeline”) ва «Coscom» ХК МЧЖ (Ucell) Тошкент шаҳар Хўжалик судига даъво аризасини берди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлигига таяниб, “Новый век” хабар тарқатди.

“Операторларнинг даъво аризалари юзасидан алоҳида-алоҳида суд мажлислари ўтказилди”, — деган агентлик манбаси. Қўшимча маълумотларни ўрганиш мақсадида суд ишни 26 июнга қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси иккита операторни юқори мавқега эга бўлган корхоналарнинг давлат реестрига киритганди. Қўмита маълумотларига кўра, уяли алоқа бозорида “Unitel”нинг улуши 54 фоиз, “Coscom”нинг улуши 41 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, Ўзбекистон хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистондаги иккита мобиль алоқа операторини келишган ҳолда рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун умумий ҳисобда 30 миллион сўм жарима солганди.

 

beeline-ucell (1)

“Рақобат тўғрисида”ги Қонунга кўра, келишиб олинган ҳаракатлар — товар ёки молия бозорида икки ёки ундан ортиқ хўжалик юритувчи субъектнинг бозорнинг мазкур иштирокчиларидан ҳар бирининг манфаатларини қаноатлантирадиган ва улардан ҳар бирига олдиндан маълум бўлган, рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлари ҳисобланади.

 

Қўмита расмий сайтига кўра (кейинчалик бу ахборот сайтдан изоҳсиз ўчириб ташланган эди), “Unitel” МЧЖ (“Билайн” савдо белгиси) ҳамда “CosCom” МЧЖ ХК (“Юсел” савдо белгиси) мобиль операторлари келишган ҳолда кундалик абонент ва тариф тўловлари миқдорини оширган. Чунончи, “Билайн” шу йилнинг 20 январидан асосий тарифлардаги абонент тўлови миқдорини 0,02 доллардан 0,03 долларга оширганлиги ҳақида хабар берган эди. “Юсел” эса 25 январь куни худди шундай қарорини эълон қилди.

 

Шу билан бирга, 2012 йил 1 январидан  “Билайн” ва “Юсел” операторлари томонидан кунлик 0,01 доллар миқдорида абонент тўлови жорий этилган эди. Шу йилнинг апрель ойида эса бу миқдор 0,02 долларга кўпайтирилади. Шундай қилиб, икки компания томонидан бир вақтнинг ўзида нарх сиёсати олиб борилгани аниқланган. Эътиборли жиҳати, мазкур келишилган ҳолда нарх белгилаш ишлари қисқа вақт оралиғида (Биринчи ҳолатда 20 кун, иккинчи ҳолатда 5 кунлик фарқ қилган) амалга оширилган.

 

Асослантирилмаган, бир вақтда ҳамда уйғун ҳолда амалга оширилган бу чора-тадбирлар икки мобиль оператори ўртасида келишилган ҳолда фаолият юритганлигини кўрсатади ва бу рақобатни чеклаш ва нархларни сунъий оширишга олиб келган. Қўмита экспертлари бу хатти-ҳаракат “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасига зидлигини айтиб ўтишган. Унга кўра, Товар ёки молия бозорида ўзаро рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан, потенциал рақобатчилар бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар, агар бундай келишиб олинган ҳаракатлар ва битимлар сунъий равишда нархлар, тарифлар, чегирмалар, устамалар, қўшимча тўловларни ёки устама нархларни белгилашга ёки сақлаб туришга, нархларни сунъий равишда оширган ёки пасайтирган ҳолда эркин бозор нархларининг қарор топишига тўсқинлик қилишга олиб келса, тақиқланади.

 

Ана шулардан келиб чиқиб, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси икки компанияни жаримага тортган. Жарима миқдори ҳақида ахборотлар йўқ.

 

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 1 январидан мобиль операторлари учун ҳар бир абонент учун ойлик солиқ тўловлари жорий этилган бўлиб, бугунги кунда у 500 сўмни ташкил қилади.

 

Бунга қарши ўлароқ операторлар қўмита раҳбариятига шикоят билан чиқишган ва талаблари қаноатлантирилмаган тақдирда судга даъво беришлари ҳақида маълум қилишганди.