Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентда музокаралар олиб бормоқда

    UzA/Аъло Абдуллаев олган сурат
    UzA/Аъло Абдуллаев олган сурат

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 13 июнь куни расмий ташриф билан Тошкентга келди, деб хабар беради ЎзА.

    Тошкент аэропортида меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кутиб олди.

    Агентликка кўра, бу галги олий даражадаги Ўзбекистон-Қозоғистон учрашувига анъанавий дўстлик ва ишонч муҳитида давлатлараро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокамаси учун қулай имконият сифатида қаралмоқда.

    Қозоғистон Ўзбекистоннинг минтақадаги муҳим савдо шеригидир. 2012 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

    Халқларимизнинг кўп асрлик муштарак анъаналари, урф-одат ва қадриятларига асосланган маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари ҳам давлат раҳбарларининг диққат марказида туради.

    Расмий ташрифнинг асосий тадбирлари 14 июнга, яъни бугунга мўлжалланган.

    Аввал хабар қилинганидек, музокаралар якунида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, шунингдек, Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини турли соҳаларда янада ривожлантиришга қаратилган ўзаро манфаатли икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.