“Катта саккизлик” саммити: Сурия тақдири ва битта ибора устидаги тортишув

article-2343928-1A61D311000005DC-251_634x444 (1)Хабарингиз бор, дунё оммавий ахборот воситаларининг нигоҳи Ирландияга, яъни ушбу мамлакатда ўтказилган G8 мамлакатлари раҳбарларининг саммитига қаратилди. Чунки дунёнинг саккизта йирик мамлакати раҳбарлари клубининг бу йилги “гапи” аввалги йилларга қараганда бирмунча асабий руҳда ўтиши аниқ эди.

Чунки Сурия масаласида Ғарб мамлакатлари ҳамда Россия ўртасида етарлича қарама-қаршиликлар бор эди. BBCнинг ёзишича, Дэвид Кэмерон G8 мамлакатлари раҳбарлари “фундаментал қарама-қаршиликни енгиб ўта олишди”, деб айтган. Аммо саммит сўнгида эълон қилинган коммюникега кўра, улар ўзаро қарама-қаршиликларни ҳал этиша олишмаган, балки бунга алоҳида эътибор бермасликка ҳаракат қилишган.

Коммюнике матнини BBCRussian 1970-йилларнинг иборасига муқояса қилади: “Келинглар, бизни ажратадиган эмас, балки бирлаштирадиган нарсалар ҳақида гапирайлик”. Коммююникеда Сурия масаласида Женева конференциясини чақириш, можароларни сиёсий йўллар билан ҳал этиш, химиявий қурол қўлланилганлиги ҳақидаги ахборотни текшириш, Сурия халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш каби масалалар кўзда тутилган. Унда Башар Ассаднинг келажаги, ҳукуматга ҳам, исёнчиларга ҳам қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида лом-мим дейилмаган.

Умуман, саммит давомида Россия президенти мазкур коммюникени имзоламаслиги мумкинлиги ҳақида хавотирли хабарлар тарқаётган эди. Чунки у Сурия масаласида жуда қатъий позициясини илгари сурди. Россия тарафи саммит якунига оид ҳужжатда Сурияга доир ҳар қандай “ибора”ни келажакда нотўғри қўллаши мумкинлигидан хавотирланишди.

Таҳлилчилар фикрича, Суриядаги исёнчилар, ҳеч бўлмаганда, уларнинг маълум бир қисми ўта радикал ғоя билан қуролланган. Шуниси аниқки, бундай гуруҳларнинг ғалаба қозониши нафақат Сурия учун, балки минтақа учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни Ғарб мамлакатлари яхши тушунишади.

Путин саммит якунлари бўйича матбуот анжуманида Башар Ассадга қаршиларни британиялик ҳарбий хизматчи Ли Ригбининг қотилларига муқояса қилгани замирида озгина бўлса-да ҳақиқат бор, деб ёзади BBCRussian.

Аммо Ғарб жамоатчилиги, айниқса, оммавий ахборот воситалари Сурия инқирози натижасида тинч аҳоли вакиллари ўлимида Путинни оммавий айблашмоқда. Масалан, Economist шарҳловчиси Эдуар Лукас Кремл ташқи сиёсати ҳақидаги “Россия — бу, зараркунанда” деган мақолани эълон қилади. У катта резонансга сабаб бўлади. Аммо Ирландияда Путин ўзини “зараркунанда” эмас, балки шерик сифатида намоён қилишга ҳаракат қилди.

Таҳлилчилар фикрича,  Путиннинг бундай йўл тутиши Россиянинг G8даги иштирокини савол остига қўймасликка қаратилган. Чунки қолган етти аъзо саккизинчи давлат аъзолиги нечоғли мақсадли эканлигини кўтариб чиқиши мумкин эди.

Britain-Northern-Ireland-G-8-Summit-9

“КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, саммит якунига оид ҳужжатни келишиш жараёни ҳам жуда оғир кечди. Масалан, ғарблик дипломатлар коммюникеда “ўтиш ҳукумати” деган тушунчани қўллашган эди. Россия эса бундай тушунчага норозилик билдирган. Уларнинг фикрича, бу Башар Ассад ҳукуматини ўз-ўзидан истисно қилади. Натижада, коммюникеда “барча масъулиятни ўз бўйнига оладиган ўтиш даври органи” деган тушунча қўлланилди. Томонлар розилик билдиришди.