Президентсиз президент демократияси ёхуд Миср инқилобларининг бир-биридан фарқи нимада?

130705152633-09-egypt-0705-horizontal-gallery (1)Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Мисрда Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилганидан бери ҳалок бўлганлар сони 50 нафардан ошиб кетди. Мамлакатнинг ўтиш даври президенти Адли Мансурнинг янги сайловлар бўйича таклифлари ҳам Мурсий тарафдорлари томонидан рад этилди, Мисрда сиёсий инқироз ва танглик сақланиб қолмоқда. Жаҳон ҳамжамияти, гарчи тарафларни зўравонликдан тийилишга чорлаётган бўлса-да, кундан-кун ортиб бораётган талафотларда айбдорларга кўп ҳам урғу бермаяпти. Уларни кўпроқ мамлакатнинг истиқболи қизиқтирмоқда.

Дарҳақиқат, “Араб баҳори” номи остида кириб келган Миср инқилоблари дунёдаги социал барқарорликка жиддий таъсир кўрсатди. Кўплаб мамлакатларда “социал бомбалар” борган сари ортиб, “араб баҳори” синдроми кенг тарқалди.

Хўш, шу кунларда Мисрни қалқитиб турган инқилоб бундан икки йилги инқилобдан нимаси билан фарқ қилади? Мисрликлар учун нима ўзгардию, халқаро ҳамжамият учун нима ўзгарди?

Эслатиб ўтамиз, Мисрда Ҳусни Муборак ҳокимиятининг охирги кунларида мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари, чунончи, полиция вакиллари амалдаги ҳукуматни ҳимоя қилишдан бош товлаб, ўзини нейтрал ҳолатга олган эди. Ҳусни Муборак ҳокимияти ағдарилди, мамлакатнинг кўзга кўринган сиёсатчилари суд қилинди, истеъфога чиқарилди. Бу жараёнларни ҳуқуқ-тартибот идоралари оғир сукут билан кузатишди. Улар бу ўзгаришлардан хурсанд бўлмаса-да, эртасидан жуда хавотирда эди.

Июль ойининг бошида Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан четлаштирилишини ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бошқача кутиб олишди. Агар Мисрдаги воқеаларни изчил кузатганлар бўлса, ОАВда рақсга тушаётган полиция вакилларига кўзи тушган бўлиши турган гап. Ҳусни Муборакни охиригача ҳимоя қилишдан тийилган полиция вакиллари Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан кетишини катта қувонч билан кутиб олди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бу демократия меваси ёки президентлик демократияси маҳсули эмас, балки ички қўрқув ва истиқбол учун қувонч рақслари эди.

Гап шундаки, Муҳаммад Мурсий Мисрда бундан 85 йил муқаддам пайдо бўлган “Мусулмон биродарлари” диний партиясидан чиққан. Узоқ йиллар давомида мамлакатда мазкур партиянинг фаолият юритиши тақиқланган бўлиб, унинг кўплаб аъзолари айнан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган, зўравонликка дуч қилинган, улар томонидан ҳар қандай фаолиятга чек қўйиш чоралари кўрилган.

Ўша полиция вакиллари айнан бир пайтлар ўзлари таъқиб қилган “Мусулмон биродарлари”дан кўрсатма олиб ишлашдан кўра, нормаль полиция тизими йўлга қўйилиши умидида рақсга тушишган эди.

Халқаро ҳамжамият Яқин Шарқда демократия уруғини сочишни ўз “сиёсати”га айлантирган бўлса-да, улар Ҳусни Муборакдан сўнг унинг издошларидан бири ҳокимиятда қолишини тахмин қилишган эди. Аммо “Мусулмон биродарлари” уларнинг барча истакларини пучга айлантирди. Шунинг учун Ғарб Мисрда иккинчи инқилоб натижасида уларга хайрихоҳ кучлар ҳокимиятга келишига умид қилишмоқда.

_68578954_morsi_beach624getty (1)

Албатта, шуни алоҳида қайд этиш керакки, Муҳаммад Мурсий инқилоб даврида ва ундан кейин ҳам у даражада кўзга кўринган сиёсатчи эмас эди. У бутунбошли мамлакатга бошқариш учун етарлича харизматик характерга эмас. У, айниқса, ишсизлик ва камбағаллик кенг тарқалган бир шароитда мамлакат аҳолисига умид ва ишонч ҳадя эта олмади.

Шу ўринда тарафлар Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан кетганлигини тан олиб, сайлов ўтказишга келишиб олса, унда нима бўлади, деган ҳақли савол туғилади. Нима бўлганда ҳам, Мисрда анархия кўринишидаги демократия унсурлари шаклланди, одамларга кўчага чиқишга ўрганишди. Улар сайловларда ҳам фаол иштирок этиши турган гап. Бу жараёнларда, гарчи Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятга қайта келиши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, “Мусулмон биродарлари” партияси вакилларининг ғалаба қозониш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Айниқса, мамлакат армиясининг ҳокимиятни улардан тортиб олиши “Мусулмон биродарлари”нинг тушиб бораётган рейтингини янада кўтариб, уни кўпчилик кўз ўнгида “қурбон”га айлантирди. Кимки “қурбон”, “катта куч зулми”га учраса, унинг ошиғи олчи бўлади.

Албатта, Вашингтон, Лондон ва Париж ҳарбий тўнтариш, гарчи у сан ёмон кўрган одамни ағдарган бўлса-да, яхши оқибатларга олиб келмаслигини яхши тушунади. Шунинг учун улар имкон қадар тезроқ сайловлар ўтказиш ҳамда ҳукуматни шакллантиришга қаратилган тадбирларни тезлаштиришни талаб қилади, холос. Қолаверса, армия ҳам вазиянинг тез изга тушиб кетиши йўлида чораларни кўради, чунки бундай ноаниқлик, албатта, қуролли кучларнинг моддий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиб, ташқаридан келаётган ҳарбий кўмак миқдорини кескин камайтириб юборади.

Лекин бир нарса барибир аниқ: Миср сиёсий инқирозини ҳал этишга муносабатни ўзгартириш керак. Миллий бирдамликка эришиш, кучли ҳукумат институтларини шакллантириш ва социал муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўриш лозим. Йўқса, қон тўкилишлар давом этади, президентсиз демократия гуллайверади.

 

Мурод ҒОФУРОВ