Нуқтаи назар. Мисрдаги сиёсий инқирознинг ғолиби ким бўлади?

AP0AMR120-Main-2013-06-30T19-19-23.903Z530526_waБугун дунё оммавий ахборот воситаларининг бош мавзуи, шубҳасиз, Миср десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, июнь ойининг охирида бошланган мухолифат вакиллари намойишлари бутун мамлакатни қамраб олиб, давлат бошқаруви тизгини амалдаги ҳукумат қўлидан чиқиб кетди. Муҳаммад Мурсий ҳамда унга мухолиф партиялар  тарафдорлари ўртасидаги танглик шу даражага бориб кетдики, мамлакат “турғун фуқаролик уруши” ҳолатига етиб борди. Ўнлаб мисрликлар ҳалок бўлди, юзлаб намойишчилар турли даражада тан жароҳати олди.

Бугун Мисрдаги сиёсий инқирознинг ҳал этилишида иккита омилнинг сақлаб қолиниши жуда муҳимдир. Аввало, мамлакатда ҳокимиятлар алмашинуви ҳар қандай шароитда ҳам амалдаги қонунчилик доирасида, яъни лигитим бўлиши керак. Амалдаги ҳукумат ва мухолифат музокара столига ўтириши, ўтиш даври ҳукумати шакллантирилиши, муддатидан аввал сайловлар белгиланиши ва шу йўл орқали ҳокимиятнинг қонуний алмашинуви таъминланмоғи керак.

Иккинчидан, юзага келган вазиятда ҳарбийларнинг вазиятни ўз қўлга олиши ҳамда мамлакатда конституция амал қилинишини тўхтатиб қўйишга йўл қўйилмаслиги керак. Чунки бундай чора истиқболда ҳар қандай ҳукуматлар билан юз бериш эҳтимолини оширади. Яъни мамлакатда ҳокимиятлар ўзгаришига ҳарбийларни яқинлаштирмасдан эришиш чораларини кўриш айни муддаодир.

Афсуски, бу икки омилни сақлаб қолишнинг эҳтимоли борган сари камайиб бормоқда. Мамлакатда ҳам намойишчилар, ҳам ҳарбийлар қўйган ультиматум вақти ўтиб кетди, Муҳаммад Мурсий ҳукумати эса борган сари тарқаб бормоқда, шу кунга қадар 6 нафар вазирнинг истеъфога чиққанлиги ҳам вазиятнинг оғирлигини кўрсатади. Боз устига Мурсийнинг коалиция ҳукуматини тузиш ғояси ҳам мухолифат вакиллари томонидан рад қилинди.

Ўрганган кўнгил…

Миср инқилоблари натижасида, умуман, 2011 йилда кўчага чиқишни “ўрганган” мисрликлар бугун уйларига бориб ишлаш, мамлакатнинг оёққа турғазишни кўп ҳам хоҳлаётгани йўқ. Айниқса, ҳукумат институтларининг ўта заиф эканлиги, Муҳаммад Мурсийнинг муваффақиятсиз ислоҳотлари, ўз навбатида, вазиятнинг баттар ёмонлашувига олиб келди. Албатта, узоқ йиллар давомида озми-кўпми дунёвий давлат тамойиллари амал қилиб келган Миср учун Муҳаммад Мурсийнинг кескин ислоҳотлари “шок” бўлиши турган гап эди. Яъни мамлакат конституциясини ишлаб чиқиш ва мамлакатни бошқаришда диний аъмолларга кўпроқ урғу бергани нафақат дунёвий давлат тарафдори бўлган мисрликлар, балки Мисрнинг кўп йиллик иттифоқдошларида ҳам саволлар туғдира бошлаган эди.

Бир гуруҳ таҳлилчилар Мисрдаги вазиятда Муҳаммад Мурсийнинг айби кам, деб ҳисоблашмоқда. Ҳақиқатан ҳам, ҳокимият тепасига келган Муҳаммад Мурсий ўз ислоҳотларини  тўлақонли амалга ошириши учун етарлича вақтга эга бўлмади. Аввало, у мамлакатни жуда қалтис бир шароитда қабул қилиб олди, иқтисодиёт қарийб ишдан чиққан эди. Ва, мана шундай шароитда, у мамлакатни бутунлай ботқоқликдан олиб чиқиши амри маҳол эди. Бизнингча, Муҳаммад Мурсийнинг ягона айби  фақат исломий партиялар президенти бўлиб қолганидир. Чунки Мисрдагидек инқироз шароитида одатда мамлакат яхлитлиги, қарашлардан қатъи назар барча мисрликларни бунёдкорликка, янгиланишларга руҳлантира олиши, кўпчилик учун маънавий лидер бўлиши керак эди, аммо буни эплай олмади.

Ташқи кучлар ва Миср…

Халқаро ҳамжамият бугун Мисрдаги вазиятни жиддий ва сукут сақлаб кузатмоқда. Аксарият давлатлар ўз фуқароларига Мисрга сафар қилмасликни тавсия қилмоқда, лекин у ёки бу кучни ёқлаб баёнот бераётгани йўқ. Албатта, Мурсийга халқ фикрини эшитишни тавсия қилишмоқда. Албатта, кўпчилик бундай кенг миқёсдаги намойишларда ташқи кучларнинг қўли борлигини таъкидлашмоқда.

Албатта, Ғарб ва насроний жамиятларда Мисрда ҳокимиятни радикал исломий партиялар қўлга олиши кўп ҳам олқишланмайди. Чунки бу улар учун кўринмас таҳдидларнинг барқарор сақланиб қолишига олиб келади. Шу боис исломий партия вакилларидан кўра, дунёвий жамият тарафдорларининг ҳокимиятга келиши улар учун айни муддаодир.

Демократия ва ислом жамияти

Мисрда анархияга яқин демократия уруғлари сепилган. Бугун “Мусулмон биродарлари” партияси ҳокимиятни топширгани билан истиқболда бўлажак сайловлар улар учун имконият бўлиб қолаверади. Гап шундаки, хоҳлаймизми-йўқми, мисрликлар орасида диний эътиқод масаласи анча юқори. Шу боис ҳар қандай демократик сайловлар диний партияларнинг ҳокимиятдан жой олишига замин ҳоизрлайди. Шунинг учун ҳам аксарият таҳлилчилар “Мусулмон биродарлари” партиясига аввалроқ ҳокимиятни топшириши ва кучларни яна қайта шакллантириши керак эди, деб ҳисоблайди. Чунки сўнгги воқеалар, қолаверса, Муҳаммад Мурсийнинг “қайсарлиги” партиянинг нуфузини бирмунча тушириб юборди.

Вазият тобора танглик касб этар экан, армия Муҳаммад Мурсийни мажбурий истеъфога чиқаришдан тийилиши зарур. Чунки армиянинг амалдаги ҳукуматни у ёки бу қарорга мажбурлаши ҳукумат вакилларини “жабрланувчи”га айлантириб қўяди. Ва табиийки, Муҳаммад Мурсийнинг партияси ўз нуфузини янада тиклаб олиш кенгроқ “имконият”га эга бўлади.

Хулоса…

Албатта, Мисрдаги сиёсий инқироз нима билан тугайди, буни вақт кўрсатади. Аммо мамлакатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари институтлари мустаҳкамланмас, аҳолини нормал ҳаётга қайтариш чоралари кўрилмас экан, вазият баттар ёмонлашишда давом этади. Мисрда қаттиққўл ва айни пайтда халқчил ҳокимиятни шакллантириш керак, чунки бу мамлакатда Ғарб демократияси билан тинчлик ва барқарор ҳаётни қуриш онсон кечмайди, энг ёмони, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига барҳам берилмайди.

Сир эмас, 2011 йилда бундан-да оғир, қалтис вазият эди. Миср халқи ана шу шароитда ҳам муроса йўлини топа олди, мамлакат фуқаролар урушидан сақлаб қолинди. Бу гал ҳам Миср халқининг донишманд раҳбарларига умид билдириб қоламиз…

Мурод ҒОФУРОВ