Эркин АЪЗАМ: “Ўрнимизни калла қолиб, бошқа аъзолари билан фикр қилмоққа ишқибоз шоу-бизнесчиларга бериб қўймайлик”

E.Azam“Кечаги замоннинг қавми хийла содда, кўнгилчанроқ эди, назаримда. Лекин ҳам руҳан, ҳам амалий жиҳатдан бирмунча танбалмижоз эди-ёв?! Фаоллашувига на рағбат, на имко­ният бор эди-да. Ишласангиз-ишламасангиз ўша маош, кесиб қўйилган, ортиғига изн йўқ”, деб жавоб беради таниқли адабиётшунос олим, ёзувчи Эркин Аъзам журналист Жасур Кенгбоевнинг ўтган асрнинг 80-90-йилларидаги одам билан бугуннинг кишиси ўртасида қандай тафовутларни кўрасиз, деган саволига. Суҳбат “Оила даврасида” газетасида эълон қилинди.

Бугунгилар эса бир қадар нақдпараст (прагматик) бўлиб қолгандек. Нимани айтманг, дарров бармоқ букиб фойда-зарарини ҳисоблашга тушади. Алланечук безовтами-ей, жонсаракми-ей, ўзини ҳар ёққа урган…”, дейди ёзувчи.

Эркин Аъзам ўз фикрини давом эттириб, шундай дейди: Хўш, қайси бири маъқул бунинг? Дангал хулоса қилмоққа шошмай турайлик. Негаки, салбий-ижобий дегандек томонлари бор-да. Аммо шуниси аниқки, барибир эркинлик яхши, эркин танлов муҳити пеш. Ҳам шахсий, ҳам ижтимоий тараққиётга йўл очади.

Унинг фикрича, биз энди йигирманчи асрнинг эмас, янги юзйилликнинг, ҳатто, янги мингйилликнинг одамларимиз. Рақамларнинг одатдаги ўрин алмашинуви деб қарамаслик керак бунга. Жаҳон миқёсидаги гоҳ улкан, гоҳо дафъатан кўзга ташланмайдиган ўзгаришлар бугунги инсоннинг руҳиятига таъсир ўтказиши табиий.

Эркин Аъзам давримизнинг долзарб масалалари бир талайлигини айтади. “Ана шулардан бири, менинг назаримда, энг биринчиси — ҳали айтганимиз бесаранжомликда, замон долғаларида ўзини, ўзлигини, инсоний шаънини бой бериб қўймаслик муҳим. Қолгани — бўладиган гаплар”.

У бу борада зиёлиларнинг ўрни масаласига ҳам алоҳида тўхталади. “Ўзимизга ҳам боғлиқ. Бойлигу, шон-шуҳрат илинжидагина юрган, гоҳо калла қолиб, бошқа аъзолари билан фикр қилмоққа ишқибоз шоу-бизнесчиларга бериб қўймайлик-да ўрнимизни. Аччиқроқ туюлса ҳам бор гап шу”, дейди.