Facebook пул топишни ўрганди

Facebook экспертлар тахмин қилганидан кўра кўпроқ маблағ топа бошлади. Хорижий оммавий ахборот  воситаларининг қайд этишича, дунёдаги энг катта ижтимоий тармоқ реклама фаолиятидан даромадларини кескин оширишга муваффақ бўлди. Facebook  ижтимоий тармоқларнинг ўзига хос мураккабликларига қарамасдан мўлжалдагидан кўпроқ маблағ жалб қилиш имкониятига эга бўлди, деб ёзади “КоммерсантЪ”. Ҳозирги кунда уларнинг асосий вазифаси ана шу даромадларни ушлаб қолишдир.

facebook-moneyЖорий йил иккинчи чорагида компаниянинг жами даромадлари миқдори икки баробар ортиб, 1,8 миллиард долларни ташкил қилди. Бу таҳлилчиларнинг прогнозидан 200 миллион долларга кўпдир. Ушбу кўрсаткич компания акцияларининг янада қимматлашишига хизмат қилди. Чунончи, Нью-Йорк биржасида унинг акциялари 20 фоиз қимматлашди.

Экспертлар ижтимоий тармоқлар орасида Facebook ўз базасини пулга айлантиришда илдам ҳаракат қилаётганини алоҳида эътироф этишмоқда. “Социальные сети” агентлиги раҳбари Денис Тереховнинг айтишича, ижтимоий тармоқлар бизнесидаги беқарорликка қарамай Facebook пул топишни ўрганиб олди.

“Ростини айтиш керак, шу пайтга қадар Facebook венчур лойиҳа ҳисобланар эди. Бу инвесторлар учун кўп жиҳатдан аниқ бизнесдан кўра, қачон даромад келтиришини кутиш ҳисобланади. Гугл — бизнес, Яндекс — бизнес, лекин Facebook, LinkedIn, Twitterдан пул топиш учун озгина кутиш керак бўлади. 100 йил ёки 2000 йилда даромад келтирадиган бизнес бўлмайди. Шунинг учун компаниялар қандайдир аниқ бир вақтда даромад топиш ҳақида бош қотириши керак. Ўйлайманки, facebookда ҳаммаси олдинда”, дейди у.

Facebook даромадларининг катта қисми рекламадан келиб тушган. Ўтган йилдагига қараганда, бу кўрсаткич 61 фоизга ўсган.

2012 йил маълумотларига кўра, Facebookнинг бир миллиард нафардан ортиқ фаол фойдаланувчилари бўлиб, уларнин 8,7 фоизи сохта аккаунтлар ҳисобланади.