Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Франсуа Готье ўз фаолиятини якунламоқда

    big_posol FrenchФранциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Франсуа Готье ўз фаолиятини якунламоқда. Шу муносабат элчи жанобларини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қабул қилди.

    Учрашув давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, гуманитар ва бошқа соҳаларда ижобий ўсиб бораётганлигини қайд этишиб, истиқболда кўп қиррали ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини маълум қилишди.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги, Франция капитали иштирокидаги 16 корхона иш олиб бормоқда. Икки давлат ишбилармонлари истиқболда юқори технологияга асосланган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутишмоқда.

    Абдулазиз Комилов, ўз навбатида, Ф. Готьега ўзаро ҳамкорлик алоқаларини давлатлар даражасида ҳам, маданий ва таълим муассасалари даражасида ҳам, фан ва санъат арбоблари даражасида ҳам ривожлантиришга катта ҳисса қўшгани учун ташаккур айтди.

    Франсуа Готье эса Ўзбекистон тарафига ўз дипломатик миссиясини бажаришга қулай муҳит яратиб беришгани учун миннатдорлик билдирди.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Франсуа Готье француз маданияти ва қадриятларини кенг ёйиш бўйича фаол иш олиб борди. У Франция ҳақидаги қарашларга ҳам катта урғу берди.

    «Франция дунё саҳнасида ўзига хос обрўга эга, мамлакат ҳамиша буни оқлашга ҳаракат қилади. Зотан, Францияни Франция қилган омиллардан бири ҳам шу! Бу, айни замонда, катта масъулият юклайди. Франциянинг бугунги қиёфаси қотиб қолган стереотип бўлмаслиги, у муттасил ўзгариб бориши лозим. Иқтисодий соҳа ҳақида сўз борганда, Франция фақат мода, атир-упа ва мусалласлар мамлакати сифатида эсланмаслиги керак. Франция TGV (тезюрар поездлар), “Ариан” ракеталари ва смарт-карталар каби оламшумул ихтиролар ватани ҳамдир. Француз заминида ишлаб чиқарилган автомобиллар европалик рақобатчиларимиз ва дўстларимиз автоуловларидек ишончли ва сифатли. Дунё эътиборини Франция технологиялари ва саноатига кўпроқ қаратишимиз лозим», деган эди «Ватандош»га берган интервьюсида.