Америкада “Vatandosh Fund” ташкил этилди


Бугун Америка Қўшма Штатларида 300 минг нафар атрофида ҳамюртимиз истиқомат қилмоқда. Бугун улар Америкада таҳсил олмоқда, ишламоқда ва бошқа мақсадларда фаолият юритишмоқда.

Турмуш фаолиятимизда ватандошларимиз бошини бир жойга қовуштирадиган, ҳамюртларимизнинг яхши-ёмон кунларида қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, бундай хайрли ишларни тизимли ва батартиб амалга ошириш, айниқса, соғлиқ билан боғлиқ ҳодисалар юз берганда тезкор ҳомийлик ва бошқа тадбирларни амалга ошириш учун бир жамият тузишга катта эҳтиёж туғилаётган эди. Бу, айниқса, кекса ватандошларимиз томонидан бот-бот тилга олинаётган эди.

Нью-Йоркда бир гуруҳ ватандошларимиз ташаббуси билан “Vatandosh Fund” фондини ташкил этиш бўйича тадбир бўлиб ўтгани ана шу фикр ва ниятларнинг амалдаги рўёби бўлди. Унда Нью-Йорк ва Нью-Жерсидан ҳамюртларимиз иштирок этишди. Тадбирда тузилаётган ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, истиқболдаги режалари ҳақида фикрлашиб олинди. Айниқса, ташкилот қайси вазифаларни амалга ошириши ҳақидаги масала қатнашчилар томонидан кенг муҳокама қилинди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур тадбир Фонд фаолиятини ташкил этиш бўйича умумий маслаҳат бўлиб, сўнгги икки-уч ҳафта ичида Фонднинг Кенгаши аъзоларини, Ижроия орган раисини тайинлаш, низомга келиб тушган таклифлар асосида тузатишлар киритиш ва уни тасдиқлаш, аъзолик тартиби ва бадалини белгилаш каби амалий масалалар муҳокама қилинади.

Фонд номига банкда махсус ҳисоб очилган бўлиб, ўша куни унга бир неча минг долларлик маблағлар ўтказилди. Шу ўринда Фонднинг расмий сайти орқали келиб тушган аъзолик бадаллари ҳамда ҳомийлик тўловлари бўйича кирим-чиқим маълумотлари ҳар ойда киритиб борилади. Бу, шубҳасиз, Фонд фаолиятида ошкораликни таъминлаш, ҳамюртларимиз ўртасида ишончни мустаҳкамлаб боришга хизмат қилади.

Қуйидаги ҳавола орқали Фонднинг низоми лойиҳаси юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларингизни қолдиришингизни сўраймиз.

“Vatandosh Fond” Nizomi