Бош прокурор Рашитжон Қодиров: “Бундай бепарволик жиноят эмасми?”

    Ўзбекистондаги марказий нашрлар Ўзбекистон Бош прокурори Рашитжон Қодировнинг мақоласини эълон қилди. Унда “давлат томонидан болаларимизнинг келажагини ўйлаб, қанчадан-қанча сарф-images (9)харажат эвазига 12 йиллик бепул ўқишни ташкил қилиб, замонавий технологияларга асосланган, жаҳон илғор таълим стандартларига мос, билим олиш учун шароитлар яратиб берилса-ю, бола коллежга бормаса, қани бу ерда тартиб-интизом, қани масъулият”, деб фикр билдиради Бош прокурор. “Нима учун жойларда ҳокимликлар, ўзини-ўзи бошқариш органлари, профилактика инспекторлари, жамоатчилик, қолаверса бола тарбияси учун бевосита жавобгар бўлган ота-оналар ва бошқа масъул шахслар бепарволарча қўл қовуштириб ўтирибди? Бундай бепарволик жиноят эмасми?”, деб савол Рашитжон Қодиров.

    Бош прокурорга кўра, мамлакатимиз қонунчилигида 12 йиллик таълим умуммажбурий эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, қонуннинг мазкур талаби ижросини қатъий таъминлаш барчанинг бурчимиздир. Афсуски, баъзи ота-оналар ва мансабдорлар ўзларига юклатилган вазифаларига нисбатан бундай масъулиятсизлик учун жавобгарликнинг мавжудлигини унутиб қўйганлар. Бу соҳада прокурор назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йилда ва жорий йилнинг 5 ойида ўқувчи ва талабаларнинг ўқув муасассаларига келиб-кетишини таъминлаш учун масъул бўлсада, мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаган 2 минг нафар таълим соҳаси ходимлари интизомий жавобгарликка тортилганлар.

    “Ҳозирда жорий йилда мактабни битираётган 530 мингдан ортиқ ўқувчиларни касб-ҳунар коллежлари ва лицейларга жойлашишини тўлиқ қамраб олиш мақсадида жойлардаги прокурорларга маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида топшириқ юборилди. Ушбу вазифани ижросини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади”, деб ёзади Рашитжон Қодиров ўз мақоласида.

    Унга кўра, ўқувчи ва талабаларнинг машғулотларга қатнашиш давоматини таъминлаш фақатгина ўқув муассасаси раҳбарлари ва ўқитувчилари зиммасидаги вазифа эмас, балки бу жараён кўп жиҳатдан ота-оналарга, уларнинг фарзанди таълим-тарбияси билан нечоғлик шуғулланишларига бевосита боғлиқдир. Ваҳоланки, бола тарбияси ҳам қонуний асосларда ҳам маънавий-ахлоқий жиҳатдан ота-оналарнинг фуқаролик ва инсоний бурчидир.

    Бош прокурорнинг қайд этишича, 3,5 минг нафар ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсфарзандларининг тарбияси ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганликлари учун 2012 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида жавобгарликка тортилдилар. Бундан ташқари 250 нафар ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

    “Ўқувчиларнинг машғулотлардаги давомати назоратсиз қолиши, уларнинг узрсиз сабаблар билан дарсга қатнашмасликлари, ҳатто узоқ муддат давомида таълим муассасаларига умуман келмасликлари фарзандларимизнинг жиноят йўлига кириб кетишдек нохуш оқибатларга олиб келмоқда”, дейилади мақолада. Масалан, Булоқбоши туманидаги иқтисодиёт ва енгил саноат касб-ҳунар коллежи талабаси ва умумтаълим мактаби ўқувчилари савдо дўконидан 1,2 млн. сўмлик уяли телефон аппаратлари ва эҳтиёт қисмларини ўғирлаган.

    “Содир этилган жиноятлари учун ушбу гуруҳ аъзолари жиноий жавобгарликка тортилдилар, албатта. Лекин, афсус билан таъкидлаш лозимки шундай номақбул гуруҳларга кириб қолиб, турли хил жиноятлар, шу жумладан оғир жиноятларга қўл ураётган вояга етмаган болалар борлиги, уларнинг таълим-тарбиясидаги нуқсонлардан далолат беради. Бу ҳақда ота-оналар, ўқитувчилар, синф раҳбарлари, таълим муасасасларининг мансабдор шахслари, қўйингки барчамиз чуқур ўйлаб, тегишли хулоса чиқаришимиз ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўришимиз керак”, дейди Бош прокурор.

    Назорат тадбирларида аниқланишича, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмагани, бу жараёнда ҳисоботларга қўшиб ёзиш, тугатилган ёки фаолият юритмаётган корхоналар билан сохта шартномалар тузиш, битирувчилар ҳали ишга чиқиб улгурмасидан шартномаларни бекор қилиш каби ҳолатлар мавжуд. Бундай қонунбузишларга йўл қўйган мансабдор шахслардан 2300 нафардан ортиғи интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилдилар, 74 та ҳолат бўйича эса жиноят иши қўзғатилди.

    Бош прокурор, ўз навбатида, тушунтириш ишларига қарамасдан, 2012-2013 ўқув йилида лицей ва коллежларда таълим олаётган 2114 нафар қизлар ота-оналари томонидан эрга бериб юборилган, оқибатда улардан 944 таси ўқув машғулотларига умуман қатнашмай қўйганини ёзади.

    Ушбу ҳолатлар юзасидан никоҳга киришган шахсларнинг, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим, диний муассаса ходимларининг жавобгарлик масаласи ҳал қилинмоқда. Лекин, кўрилган чоралар ўзининг етарли самарасини бермаётганлиги сабабли бундай салбий иллатга нисбатан қатиятлилик ва талабчанликни кучайтиришимиз керак.