Шукур Холмирзаев ўз уй-музейи Дўрмондаги дала-боғида очилишини васият қилган

Shukur-akaЎзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг қизи — Сайёра Холмирзаеванинг айтишича, таниқли ёзувчи ўз уй-музейини Дўрмондаги дала-боғида бўлишини васият қилган.

“Адамнинг уй — музейларини ташкил қилиш бу менгагина боғлиқ бўлган нарса эмас. Режада, албатта бор. Бу энг яхши ниятларимиздан бири. Худо хоҳласа, амалга ошиб ҳам қолар. Ўшанда мендан лозим бўлган, қўлимдан келган барча ишларни қилишга тайёрман. Мен адамни кийим-кечаклари, машинкалари, дипломатлари, картиналари, қўлсоатлари, кутубхоналари, (шляпа, галстук ва бошқалар) ва барча хоналаридаги жиҳозларни асраб келяпман. Ҳатто, кофеларининг қолган қисми-ю, охирги очиқ қолган сигарета пачкалари билан кулдонигача асраб келяпман. Мен учун буларнинг барчаси адамни ёдга солади, уларнинг қўллари теккан. Ҳали охиригача ишлатмаган оқ қоғозлари-ю, копировка — қора қоғозлари ҳам менга қадрли. Энди, қўлёзмалари, ён дафтарлари, қоралама қоғозлари, асарлари, китоблари (ўзлари сотиб олиб тўплаган ҳамда тақдим қилинган китоблар ҳам албатта) ва турли ҳужжатлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Албатта, насиб этса, буларни барчасини музейга топшираман”, дейди ёзувчининг қизи.

Унинг айтишича, у Шукур Холмирзаевнинг буюмларини ундан кейин ҳам музейда сақланиб, асраб келинишини истайди. “Турли йилларда тушган суратларини йиғиб юрар эканман, уларни ҳар бирини каттайтириб, рамкага солиб музейни безашни ҳам ҳаёлан ўйлайман. Адам уй-музейни Дўрмондаги ўз севимли дала-боғларида очилишини васият қилганлар”, дейди Сайёра Холмирзаева «Аъло кайфият» журнали мухбири билан қилган суҳбатида. Суҳбат 2012 йилда чоп этилган.