Ўзбекистонда инновацион ривожланиш кўрсаткичлари паст бўлиб қолмоқда

social-media-innovationКорнелл университети,  Европа “Insead” бизнес-мактаби ва Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти дунёдаги 142 мамлакатнинг Глобал инновация рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ушбу рейтингни уч йил кетма-кет Швейцария бошқармоқда.

Инновация рейтинги олти йилдан бери тузиб келинади. Уни ташкил этишда 84 омил, яъни давлатнинг инновация салоҳияти, инновацияга ажратилаётган харажатлар ва амалга оширилаётган ишлар натижалари инобатга олинади. Айни пайтда университетлар сифати ҳамда инновацияга венчур инвестиция киритилиши каби жиҳатлар ҳисобга олинади. Умуман, ушбу йўналишда 25 та мамлакат рейтингида жиддий ўзгаришлар юз бермаган. 2008 йилдан бери инновация ва бу йўналишдаги тадқиқотларга маблағ ажратиш кўпайган.

Биринчи ўнталикда АҚШ ўнинчи ўриндан бешинчи ўринга кўтарилиб олди. Бу инновациявий тадқиқотларга ҳамда инновацион технологияларга ажратилган бюджет маблағлари, инқирозга қарамасдан, камаймагани ҳисобига юз берди. Сингапур эса учинчи ўриндан  саккизинчи ўринга тушиб кетган. Улардан ташқари, биринчи ўнталикда Швеция, Буюк Британия, Нидерландия, Финляндия, Гонгконг, Дания ва Ирландия ўрин олган.

МДҲ мамлакатларидан Молдовия 45-, Россия 51-, Арманистон 59-ўринда қайд этилган. Ўзбекистон эса ушбу рўйхатда 133-ўринда қайд этилган.

Олимларнинг фикрича, мамлакат инновацион тараққиётга эришиш учун ушбу тармоққа ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда маблағ йўналтириши керак. Ҳисоб-китобларга кўра, бу Ўзбекистонда тахминан 0,19 фоизни ташкил қилади.