Нуқтаи назар: “Умрида интернетда почта жўнатмаган одам ҳам қонун ижросига масъул бўлиб қолиши мумкин”

google-blacklistedМаълумки, кеча интернетдаги оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан “Вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги ҳақида хабарлар тарқади.

“Агар қонун қабул қилинса, болалар ва ўсмирлар ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахлоқига салбий таъсир ўтказувчи маълумотларни, миллий қадриятларимизга зид бўлган маънавий бузуқиликни тарғиб этадиган босма, аудиовизуал маҳсулотлар ва компьютер ўйинларидан ҳимояланиши кафолатланади”, дейилади ахборот манбаларида.

Албатта, ҳеч кимга сир эмаски, бугун интернет ўзининг ижобий тажрибаси билан бир қаторда, ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган манбага ҳам айланиб бормоқда. Зўравонлик, фаҳш, диний экстремизм, шовинизм, нацизм, субмаданият ва бошқа салбий “оммавий маданият”  унсурлари борган сари кўпайиб, том маънода ёшлар онги ва тафаккурига катта таҳдидлар пайдо бўлмоқда. Шу маънода айтганда, Ўзбекистон ҳукумати ва жамоатчилигининг хавотирини тушунса бўлади.

Аммо қабул қилинаётган қонун бир қатор саволларга аниқ жавоб бериши керак бўлади:

Биринчидан, қонун чеклов характеридан кўра, кўпроқ профилактикага йўналтирилган бўлиши керак. Чунки, сир эмас, бизда айрим муаммоларни ҳал этишнинг энг мақбул йўли сифатида чекловни кўпроқ маъқул кўришади. Профилактика тадбирларини рағбатлантириш, вояга етмаганлар учун салбий таъсирга эга бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар билан ишлашнинг аниқ ва шаффоф механизмларини яратиш керак;

Иккинчидан, болалар онгига салбий таъсир кўрсатадиган маҳсулотларнинг тури ва ўзига хос жиҳатларини аниқ белгилаш, бунда сўз эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари тамойилларига таяниш;

Учинчидан, Ўзбекистоннинг ўз олдиган қўйган ҳуқуқий демократик давлат қуриш бўйича мақсадларидан чалғимаслик, тор доирадаги ахлоқий меъёрларга асосланмасдан, умуминсоний қадриятлар ва мамлакатда шаклланган маънавий омиллар ва қадриятлар асосида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга ёндашиш зарур. Чунки урф-одатларимизга эмас, балки мамлакатимизнинг маънавий қиёфасига тўғри келмайдиган ахборотларга қарши тартибларни жорий этмасак, истиқболда қонун доирасига жуда баҳсли масалалар ҳам тушиб қолиши мумкин.

Тўртинчидан, бугунги кунда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғидга хусусий бизнес тобора чуқур кириб бормоқда. Янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда улар билан маслаҳатлашиш, уларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олиш керак. Чунки интернет кафелар, интернетдаги турли компаниялар ушбу қонун таъсирида қанча зарар кўради ва бу зарар нечоғи асосли эканлигини ҳисобга олиш керак.

Бешинчидан, қонун билан чекланадиган маҳсулотларнинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишини тақиқлаш мумкин, албатта. Лекин интернет чегара ва тўсиқ билмайди, бугунги илғор ёшлар барибир турли чекловларни айланиб ўтиб ҳам ўша салбий ахборотлардан фойдаланиши мумкин. Шунинг учун қонун талабларини жорий этиш жараёнида бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш, хорижий давлатлар билан мувофиқлаштирилган тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини ишлаб чиқиш керак. Дейлик, МДҲ ёки ШҲТ доирасида.

Олтинчидан,  қонунни қабул қилиш учун илмий асослар ва таҳлиллар, тадқиқотлар ўтказиш керак. Хўш, қанча бола қайси зўравонлик тарғиб қилинган ўйинни кўриб зўравонликка қўл урди ёки салбий таъсир кўрсатадиган қайси маҳсулотлар болаларда салбий мойилликни уйғотаётгани илмий асосланган бўлиши керак. Чунки илмий асосланмаган ҳолда қуруқ гап-сўзлар ва “ваҳима” орқали қонун қабул қилиш қонуннинг ишлашига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Еттинчидан, тақиқланган маҳсулот ёки салбий таъсир кўрсатадиган ахборот ишлаб чиқарганлар реестрини юритиш бўйича ваколатли органни аниқ белгилаш, унинг ҳузурида экспертлар ва жамоатчилик кенгашларини шакллантириш, реестрга киритилган ҳар бир маҳсулот ёки субъект бўйича экспертлар ва жамоатчилик кенгаши хулосаларини олиш.

Саккизинчидан, қонунда кўзда тутилаётган тадбирлар, алал-оқибат, бирор-бир маҳсулотни тақиқлаш ёки ундан фойдаланишни чеклаш эмас, балки ундан фойдаланувчи вояга етмаганлар онги ва соғлиғига салбий кўрсатишининг олдини олишга қаратилиши керак. Қонун ижроси мунтазам мониторинг қилиб борилиши, унинг ижроси интернет ва унга ўхшаш замонавий тенденцияларни тушунадиган ташкилотлар ва мансабдор шахслар зиммасига юклатилиши керак. Чунки умрида интернетда почта жўнатмаган одам ҳам қонун ижросига масъул бўлиб қолиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, болаларни салбий ахборотлардан асраб-авайлашга қаратилган мазкур қонун керак. У маънавий муҳитни мустаҳкамлаши, жамоатчилик томонидан онгли равишда қўллаб-қувватланиши керак.

Мурод ҒОФУРОВ