Ислом Каримов Барак Обамани байрам билан табриклади

Islam_karimovЎзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Америка Қўшма Штатлари Президенти Барак Обамани Американинг миллий байрами — Мустақиллик куни билан қутлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, кеча АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ушбу санага бағишлаб, расмий қабул маросими ўтказилди. Унда сўз олган АҚШнинг фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол

“Америкаликлар икки юз ўттиз етти йил аввал илк ифода этилгани каби “барча инсонлар тенг яратилган, Яратган томонидан муайян дахлсиз ҳуқуқлар билан тақдирланган, жумладан булар орасида яшаш, озод бўлиш ва бахт-саодат сари интилиш ҳуқуқлари бор” деган юксак ғояларга муносиб яшашга ҳаракат қилар экан, ушбу кураш ҳозиргача ҳам давом этмоқда”, деб қайд этди.

“Биз, америкаликлар Мустақиллик кунимизда мадҳ қиладиган бу юксак орзуларимиз фақатгина америкаликларга хос эмас, улар бизга жаҳондан, дунё халқлари тарихидан келган бўлиб, умумбашарий аҳамиятга эгадир”, дейди элчи.

Унинг фикрича, Ўзбекистон халқи ҳам ушбу юксак орзуларни биз билан биргаликда баҳам кўради, чунки бу идеаллар нафақат Америка идеаллари, балки ўзбек халқининг аждодларидан қолган меросдир.

“Мустақил мамлакатларимиз ўртасидаги йигирма йилдан ортиқ давом этиб келаётган мулоқот оқибатида биз ўзаро сиёсий, иқтисодий ва хавфсизликка оид манфаатларимизни олға суришда катта ютуқларга эришдик. Шу билан бирга, ўзаро англашув ҳамда ҳурмат асосида халқларимизни бир-бирига янада яқинроқ қила олдик”, дейди Жорж Крол.