Қирғизистон ҳалок бўлган ўзбекистонлик аскарлар учун кечирим сўради

flag-of-KyrgyzstanЎзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари вакиллари учрашувида Қирғизистон вакиллари чегарада юз берган отишма пайтида ҳалок бўлган Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси ҳарбийлари учун расман узр сўраган. Бу ҳақда podrobno.uz янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

Икки давлат чегарачилари расмийлари учрашуви отишма юз берган Уйчи туманида бўлиб ўтди.

Қирғизистон Республикаси Чегара хизматининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича минтақавий бошқармаси бошлиғи Абдукарим Алимбоев воқеа Ўзбекистон ҳудудида юз берганига ишонч ҳосил қилгач, унинг қўл остидаги ҳарбийлар раҳбариятни чалғитганини айтиб, ҳалок бўлганлар оиласи ва яқинларидан кечирим сўраб, ўз ҳамдардлигини билдирган.

“Албатта, Қирғизистон тарафининг узр сўрагани яхши. Аммо ҳалок бўлган ёш ўғлонлар ота-онаси учун бундан нима наф? Ахир уларнинг бири — Равшанбек Толиповнинг ёш хотини ва икки нафар фарзанди бор эди-ку! Ота-онанинг тинчлик пайтида ўз фарзандларидан жудо бўлишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди”, деб ёзади янгиликлар агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, воқеа кеча Ўзбекистон чегарачиларининг қонуний талабига кўнмасдан Қирғизистон чегаралари навбатчиликда турган ҳарбийларга қарата ўт очади. Ҳамюртимиз Равшан Толипов тез ёрдам машинасида, Турғун Жўраев эса операция пайтида вафот этган.

Томонлар воқеа Ўзбекистон ҳудудида юз берганига ишонч ҳосил қилган. Қирғизистон тарафига воқеа жойидан далиллар кўрсатилган. Полковник Алимбоев Қирғизистон ҳарбийлари ҳақиқатда ноқонуний ҳаракат қилганини тан олган. Эслатиб ўтамиз, аввалига Қирғизистон тарафи воқеа ўз ҳудудида юз берганини қайд этган эди.

Мазкур воқеа юзасидан Наманган вилояти ҳарбий прокуратураси жиноий иш очган.