Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилди

Egypt protest 2013 Mohamed Morsi supportersМиср президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилган. Бу ҳақда мамлакат расмий оммавий ахборот воситалари хабар тарқатган. Конституция бекор қилинган. Мамлакатни вақтинча бошқариш Миср конституциявий суди раиси зиммасига юклатилган. Бу ҳақда мамлакат қуролли кучлари раҳбари генерал Абдулфаттоҳ ас-Сиссий маълум қилган. У яқин кунларда ўтиш даври ҳукумати шакллантирилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Миср мудофаа вазири мамлакат президенти ва мухолифат вакилларига бундан икки кун аввал ультиматум қўйган эди: агар ҳафта давомида улар келиша олмаса ҳамда қарама-қаршиликка барҳам бермаса, армия вазиятга аралашиш ҳамда  мамлакатни “қоронғу туннел”дан олиб чиқиш ҳуқуқини ўзида қолдиради.

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Муҳаммад Мурсий ҳарбийларнинг мазкур қарорини рад этиб, ўз тарафдорларини тинч йўл билан ҳарбийлар диктатурасига қарши курашишга чақирган.

Миср оммавий ахборот воситаларига кўра, Муҳаммад Мурсий ҳозирда Қуролли кучларнинг Марказий разведка бошқармаси биносида сақланмоқда.

Time журналининг интернет сайти Мисрнинг собиқ президенти ёрдамчисига таяниб, хабар тарқатишича, Муҳаммад Мурсий номаълум жойга кўчирилган.

“Россия 24” каналининг хабар беришича, Муҳаммад Мурсийга ҳарбийлар томонидан ўз истеъфосини эълон қилиш ҳамда дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланиш таклиф қилинган, аммо буни рад қилган.

Мудофаа вазири Муҳаммад Мурсий ўзига юклатилган вазифаларни бажара олмаганлигини айтиб, ҳарбийлар қон тўкилишига йўл қўймаслигини қайд этган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Таҳрир майдонига йиғилган оломон бу хабарни мушакбозлик ва рақслар билан кутиб олган. Хабарларда келтирилишича, Таҳрир майдони ва унинг атрофида  бир миллион нафардан ортиқ одам йиғилган. Қоҳира университети атрофида эса бир неча ўн минг киши йиғилган.

Халқаро ҳамжамият тарафдорлар ўртасида тўқнашувлар юзага келишидан ташвишга тушишмоқда

Хабар янгиланиб борилмоқда…

Хроника

2012 йил июнь. Унчалик кўп бўлмаган овоз билан мамлакат президенти этиб сайланди. Армия парламентни тарқатиб юбориш ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, парламентни чақирди.

2012 йил июль. Олий суднинг парламент сайловлари ноқонуний эканлиги ҳақидаги қарорини тан олади.

2012 йил август. Мамлакат мудофаа вазири Ҳусайн Тантауни ва штаб бошлиғи Самий Аннанни истеъфога чиқаради ва ҳарбийларнинг таъсис йиғилишида овоз бериш ҳуқуқини бекор қилади.

2012 йил ноябрь. Кенг кўламли намойишлардан сўнг судларнинг президент фармонини қайта кўриб чиқишни тақиқлаш ҳақидаги фармонини бекор қилди.

2012 йил декабрь. Мамлакатда янги конституция қабул қилинди, унда Ислом қоидалари асосий омил қилиб олинди.

2013 йил март. Суд президентнинг муддатидан аввал  парламент сайловларини ўтказиш ҳақидаги фармонини бекор қилди.

2013 йил июнь. 27 та музофотдан 13 тасига ўз партиясидан бўлган исломий етакчиларни раҳбар этиб тайинлайди.