Хитойда кекса ота-оналар холидан хабар олмаган фарзандлар жавобгарликка тортилади

Chinese Old People2Хитойда 1 июлдан янги қонун кучга кирди. Унга кўра, улғайган фарзандлар ёлғиз ота-оналари холидан мунтазам хабар олиб туришга мажбурдирлар. Ушбу қонунни бузган фуқаролар жаримага тортилади ёки қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Янги қонун катта ёшдаги хитойликларни ўз ота-оналарининг “маънавий эҳтиёжлари” ҳақида қайғуришга ва ёлғиз кексаларга эътиборсиз бўлмасликка ундайди.

Хитойда кўпчилик ушбу қонуннинг ишлашига ишонқирамасдан қараётганди. Чунки унда болалар ўз ота-оналари холидан хабар олиши даврийлиги кўзда тутилмаган. Қонунда “Ота-онасидан узоқда яшайдиганлар уларнинг аҳволидан тез-тез хабар олиши керак”, деб ёзилган.

Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғи вакиллари бу “тез-тез” рақамда қандай кўринади, деган саволни кенг муҳокама қилди. “Албатта, ҳар биримиз кекса ота-онамиз ҳақида қайғуришимиз керак. Баъзан жуда банд бўлганимиз боис бунинг иложи йўқ, чунки яшаш учун маблағ топиш керак. Ота-онамизни йўқлаганимиз учун пул тўламаса ҳам майли, лекин ким бизни ишдан қўйиб юборади?”, деб савол беради хитойлик интернет фойдаланувчиси.

Қонун ташаббускорларидан бири Шаньдун университети профессори Сяо Цзиньминнинг фикрича, улар ўз ҳамкасблари билан, аввало, жамиятда қари ота-оналар ҳамда фарзандлар ўртасидаги муносабатлардаги муаммоларга эътибор қаратишни мақсад қилишган. Асосийси, қонун кекса кишиларнинг маънавий кўмак олишга бўлган ҳуқуқини ёдга солади. “Биз айнан мана шу қонун билан қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз”, дейди у. Аммо қонун амалда ишламайди, деб бўлмайди.

Beijing King & Capital Law адвокатлик фирмаси ҳуқуқшуноси Чжан Яньфэннинг айтишича, қонун, аввало, тарбиявий аҳамияга эга. Айни пайтда у суд ишларида ҳуқуқий асос бўлиб ҳам хизмат қилиши керак. “Қонунни амалга ошириш жуда қийин, лекин амалласа бўлади”, дейди у.

Унинг фикрича, Уси шаҳридаги суд иши буни тасдиқлади. Мазкур шаҳар суди хитойлик аёлдан ўз онаси аҳволидан мунтазам хабар олиб туришни талаб қилди. Унинг 77 яшар онаси судга ариза билан мурожаат қилган. Суд эса 40 километр узоқликда яшаётган қизи ва унинг эрини ҳар икки ойида камида бир марта онанинг холидан хабар олиб туриш ҳақида ҳукм чиқарди. Шу билан бирга, Уси суди ушбу оила вакилларини она ҳамда холасини моддий қўллаб-қувватлашни мажбурият сифатида юклади.

Хитойда ҳозирги пайтда 185 миллион нафар киши 60 ёшдан ошган бўлиб, 2053 йилга бориб уларнинг сони 487 миллионга етиши тахмин қилинмоқда. Бу аҳолининг 35 фоизи ташкил этади.