Нью-Жерсида Ўзбекистон ҳақида тақдимот ўтказилди

IMG_0892Хорижда, айниқса, турли олий ўқув юртларида, тадбирларда, конференцияларда Ўзбекистон ҳақида тақдимот қилиш ҳар доим ҳам силлиқ кечавермайди. Аввалига ҳали ёш давлат бўлган Ўзбекистонни кўпчилик яхши билайди, шунинг учун албатта, тақдимотнинг бир қисмини Ўзбекистон, унинг тарихи, географияси, аҳолиси, сиёсий, иқтисодий ҳаёти ҳақида ахборот беришдан бошлайсиз.

Бир марта хизмат туфайли Бельгияда бир лойиҳа ҳақида тақдимот қилишга тўғри келди. Аксига олиб ҳомийларнинг биронтаси ҳам Ўзбекистон ҳақида етарлича ахборотга эга эмас экан, ўшанда ёдимда: “Афғонистонни биласизларми?”, деб сўраганман. Ҳамма билишини маълум қилишган. Мен ушбу давлатга қўшни эканлигимизни айтганман.

IMG_0876

Ўшанда менинг тақдимотимни кузатиб турган бир таниш профессор жуда ҳам ҳунук ва нотўғри тақдимот қилганимни айтиб қолди. У мен Афғонистон ҳақида гапириш орқали уларнинг онгида Ўзбекистон тўғрисида ҳам Афғонистондек тасаввур уйғотган эканман. Унинг гаплари ростлигини кейинчалик англаб етдим.

Дарҳақиқат, бугун ҳар бир ўзбекистонлик Ватанимиз ҳақида хорижда кўпроқ тарғибот ишларини олиб бориши жуда ўринлидир, чунки хорижликлар биз ҳақимизда қанча кўп билса ва тўғри ахборотга эга бўлса, нур устига нурдир. Буни, айниқса, таълим муассасаларида ўтказиш айни муддаодир.

Яқинда Нью-Жерсида мактаб ўқувчилари учун ҳам ана шундай ўзига тақдимот ўтказилди.

IMG_0873

The Garden State International Heritage Festival доирасида ташкил этилган тадбирда “Ватандош” газетаси ҳамда “The Uzbek Times” журнали жамоаси ва Нью-Йоркдаги фаол ҳамюртларимиз иштирок этишди. Аввало, мактаб ўқитувчиларига  “The Uzbek Times” тарқатилди, 600 нафардан ортиқ мактаб ўқувчилари 55 мамлакат ҳақида ўрганишиб, ҳар бир мамлакатга ажратилган бурчакда савол-жавоблар қилинди. Ҳар бир ташриф буюрган болага Ўзбекистон байроғи расмзи туширилган стикерлар берилди. Уларга ўзбек тилида бешта сўз ўргатилди, мамлакатимизнинг ҳудуди, географик жойлашуви, аҳолиси ва ҳоказолар ҳақида маълумотлар берилди. Турли миллат ва элат вакиллари ўз урф-одатлари, қадриятлари ҳақида сўзлаб беришди. Фестивалда 10 дан ортиқ миллатларнинг куй-қўшиқлари янгради.IMG_0896

Мактаб ўқитувчиларининг айтишича, ўқувчилар фестивалдан кейин амалий машғулотларда ўзлари ўрганган мамлакатлар ҳақидаги ахборотларни бир-бирлари билан алмашишади. Ўзбекистонлик ҳамюртларимиз ана шу тадбирда имкон қадар кўпчиликни қамраб олишга ҳаракат қилишди, ўқувчиларга ватанимиз ҳақида батафсил ахборот беришди.

Ҳа, Ватанни тарғиб қилишдан улуғ, савобли иш йўқ. Чунки бу ишни сизу биз қилишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Энг муҳими, эрта-бир кун Ўзбекистон Афғонистоннинг қўшниси демасак ҳам уни ҳамма таниса, энг катта бахтимиз — шу, аслида.

 

Мурод ҒОФУРОВ