Адли Мансур Миср президенти сифатида қасамёд қабул қилди

Jb7uQFS8mIx5NsUCstufkw0Ecp6idLy8XZanBGuNE7BwМиср конституциявий суди раиси Адли Мансур мамлакатнинг ўтиш даври президенти сифатида қасамёд қабул қилган. Бу ҳақда CNN хабар тарқатди. Айни пайтда мамлакатнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий ва унинг асосий шериклари ҳарбийлар томонидан тўлиқ изоляцияда сақланмоқда.

Конституциявий суд судьялари олдида Мансур қасамёд қилди: “Мен Оллоҳ номи билан Республика тизимини қўллаб-қувватлаш ва конституция ҳамда қонунларни ҳурмат қилишга… халқнинг хавфсизлигини таъминлашга ва миллатни ҳимоя қилишга қасамёд қиламан”.

У армия томонидан тақдим этилган “йўл харитаси”ни амалга оширишга ваъда берган.

“Йўл харитаси” қуйидаги талаблардан иборат:

  • Конституциянинг амал қилиши тўхтатилади. Асосий қонун махсус тузилган қўмита томонидан кўриб чиқилади.
  • Давлатни вақтинча бошқариш Олий конституциявий суд раисига топширилади;
  • Вақтинчалик технократ ҳукумати шакллантирилади ва муддатидан аввал парламент ва президент сайловлари ўтказилади;
  • Ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тўхтатилади;
  • ОАВга нисбатан айрим чекловлар жорий этилади.

Кеча мамлакатда ҳарбийлар “тўнтариши” амалга оширилгач, Муҳаммад Мурсий ва унинг рақиблари тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар юз берган. Сўнгги маълумотларга кўра, 30 нафардан ортиқ мисрликлар воқеа қурбони бўлишган.

Саудия Арабистони, Сурия, Бирлашган Араб Амирликлари ҳарбийлар ҳаракатини ижобий баҳолашган.

АҚШ президенти Барак Обама ҳарбийларни инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишлари ҳамда имкон қадар тезроқ ҳокимиятни халқ вакилларига топширишга чорлаган.