Франсуа Готье: “Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликка устувор аҳамият қаратмоқда”

    Ambassador of France

    14 июль – Франция Республикаси миллий байрами сифатида тарихга кирган. Ушбу сана арафасида  Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Франсуа Готье “Vatandosh”га интервью берди.

     – Элчи жаноблари, 14 июль санаси Франция ҳаётида қандай ўрин тутади? Мазкур байрамни нишонлаш билан боғлиқ анъаналар ҳақида сўзлаб берсангиз.

    Францияда 14 июль санаси 1880 йилдан буён миллий байрам қилиб келинади. Мазкур байрам Учинчи республика асосчилари томонидан таъсис этилган. Бу кунда икки муҳим воқеа: Париждаги машҳур қамоқхонанинг олиниши (1789 йил 14 июль) ва Республикадаги илк йирик шодиёна – Федерация байрами (1790 йил 14 июль) нишонланади. Бинобарин, мазкур сана Франциянинг ардоқли байрами. Бу кун Буюк инқилоб рўёбга чиқарган ҳурлик, тенглик ва биродарлик қадриятларини яна бир карра ёдимизга солади. Анъанага кўра, байрам куни мамлакат бўйлаб халқ сайиллари, мушакбозликлар ва Париждаги Елисей майдонида йирик ҳарбий парад ўтказилади.

    Франция Ўзбекистоннинг ўнта йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири саналади. Журналистлар билан бир неча йил олдинги суҳбатда Ўзбекистонга сармоя киритиш салоҳиятига эга бўлган француз компаниялари клубига асос солиш зарурлиги ҳақида гапиргандингиз. Мазкур ғояни амалга ошириш имкони бўлдими? Юртимизда ташкил этилган “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ва “Ангрен” махсус индустриал зонасида француз компанияларнинг иштирокига ҳам тўхталсангиз.

    – Жорий йил 2 март куни Тошкентга ташриф буюрган Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус таъкидлаганидек, Франция Ўзбекистондаги иқтисодий ҳамкорлигига янгича устувор аҳамият бермоқда. Бу йўналишдаги ишлар хусусида сўз борганда, Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги фаолиятига тамал тоши қўйилгани (айни пайтда “Ўзбекэнерго” ДАК билан дастлабки лойиҳа бўйича музокаралар олиб борилмоқда), шунингдек, катта миқдорда сармоя жалб этилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Яқинда етакчи француз компанияси электр асбоб-ускуналари ишлаб чиқарувчи йирик корхонани сотиб олди.

    Ҳа, жорий йилда француз тадбиркорлари ва сармоядорларини бирлаштирувчи кичик гуруҳга асос солишга эришдим. Мазкур гуруҳ доирасида Ўзбекистон бозори имкониятлари биргаликда тадқиқ этилади, ўзаро ғоя ва фикр алмашилади. Ушбу гуруҳни янги корхоналар таъсис этиш билан янада мустаҳкамланадиган ўзига хос иқтисодий кенгаш дейиш мумкин. Ҳозирда турли секторларда савдо масалалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Фойдаланиш зарур бўлган имкониятлар бор. Бу жиҳатдан, сиз айтган эркин саноат ҳудудлари ҳам диққатга сазовордир. Эркин саноат ҳудудларига ташриф буюриш ва танишиш мақсадга мувофиқ.

    Жорий йил 2 март куни Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус Тошкентга келди. Ушбу ташриф якунида Франция тараққиёт агентлиги ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги Ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Франция тараққиёт агентлиги ривожланаётган давлатларга молиявий кўмак бериш борасида салмоқли улушга эга. Агентлик Ўзбекистон билан қайси соҳаларда ҳамкорлик олиб бормоқда?

    – Дарҳақиқат, Франция тараққиёт агентлиги Франция иқтисодий иштирокини кучайтирувчи жуда муҳим восита ва долзарб йўналиш саналади. 2013 йил 2 март куни имзоланган Ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми келажакнинг умидбахш уфқларини очди. Зеро, ушбу ҳужжат Агентлик фаолиятининг асосий йўналишини, таъбир жоиз бўлса, йўл харитасини белгилаб беради. Шу асосда ҳозир Агентлик мутахассислари ўзбекистонлик ҳамкорлар билан электр таъминоти йўналишидаги лойиҳани муҳокама қилмоқдалар. Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистон томони таклифига кўра бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ишлашга тайёр. Ушбу лойиҳалар юртингизга янги-янги француз компаниялари кириб келишига йўл очади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда Франция тараққиёт агентлиги фаолияти тўғрисида битим лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Умид қиламизки, лойиҳани ишлаб чиқиш якунланиши билан Тошкентда Франция тараққиёт агентлигининг илк ваколатхонаси иш бошлайди. Бу қанча тез амалга ошса, шунча соз.

    Ўзбекистон ва Франция ўртасида маданий-гуманитар алоқалар кундан кунга ривожланмоқда. Марказий Осиёдаги энг йирик ахборот-ресурс маркази саналган Франция институтининг айнан Ўзбекистонда жойлашгани ҳам бежиз бўлмаса керак. Ушбу соҳадаги ҳамкорликка оид қандай режалар бор? Ўзбекистон ёшлари Франция олий ўқув юртларида таълим олиши учун янги лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқдами?

    – Ўзбекистон ёшларининг Францияда таҳсил олишга қизиқиши кучли эканидан бағоят хурсандмиз. Ўз навбатида, бу иштиёқни муносиб рағбатлантиришга интилмоқдамиз. Бу борада икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга кўмаклашиш, билим даргоҳлари бир-бирини яқиндан билиши алоҳида аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам элчихона жорий йил Ўзбекистондаги бир неча олий ўқув юртлари ректорларининг Францияга танишув сафарини уюштирди. Сафар давомида, хусусан, ҳуқуқшунослик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалий алоқалар ўрнатилди. Ҳамкорлик дастурларини янада чуқурлаштириш мақсадида кузда Франция университетлари президентлари Ўзбекистонга келади. Дарвоқе, сентябрь ойида Ўзбекистондаги Франция институтида янги “Кампюс Франс” ахборот секцияси очилади. Ушбу секция тўлалигича Францияда таълим олиш имкониятларига бағишланади.

    – Франция дунёдаги йирик маданият ва санъат маркази ҳисобланади (БМТнинг фан, маданият ва санъат йўналишидаги ихтисослашган ташкилоти – ЮНЕСКО бош қароргоҳи айнан Парижда жойлашгани ҳам рамзий маънога эга). Янги асрда Франция, хусусан, кинематография соҳасида улкан ютуқларга эришмоқда. Бу ўринда биргина 2012 ва 2013 йилларда француз кинематографлари суратга олган “Артист” ва “Муҳаббат” фильмлари “Оскар” мукофотини қўлга киритганини эслаш кифоя. Тошкентда 2011 йилдан ўтказиб келинаётган “Олтин гепард” кинофорумида франциялик ижодкорлар ҳам қатнашмоқда. Кино соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз?

    – Тўғри эътироф этдингиз. Кинони ихтиро этган французлар ушбу санъатнинг, хусусан, хориж фильмларини ашаддий мухлислари бўлиб қолмоқда. Шубҳасиз, Париж – кинотеатрларида ҳар йили кўплаб хориж фильмлари намойиш этилаётган халқаро шаҳар. Айтиш керакки, француз кино мухлисининг диди ва савияси баланд.

    Ўзбек киноси ҳам бой анъаналарга эга ва бу Францияда муносиб эътироф этилмоқда. Кино санъати йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш лозим. Бу жиҳатдан, “Олтин гепард” халқаро кинофоруми ижобий ташаббус саналади. Франция вакиллари кинофорумда аввал-бошдан иштирок этиб келмоқдалар ва биз бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Парижда ҳам ўзбек киносига бағишланган тадбирлар ўтказилса, нур устига нур бўлур эди.

    –  “Ҳар бир инсоннинг иккита ватани бўлади – киндик қони тўкилган юрти ва Франция” дейди француз шоири Анри де Борнье. Чиндан ҳам, Франция сеҳрли мамлакат сифатида неча асрдан буён дунё халқларини ўзига  ром  этиб келади. Бугунги даврда жаҳон мамлакатларига ватанингизнинг қайси жиҳатларини кўпроқ танитишни истардингиз?

    – Франция дунё саҳнасида ўзига хос обрўга эга, мамлакат ҳамиша буни оқлашга ҳаракат қилади. Зотан, Францияни Франция қилган омиллардан бири ҳам шу! Бу, айни замонда, катта масъулият юклайди. Франциянинг бугунги қиёфаси қотиб қолган стереотип бўлмаслиги, у муттасил ўзгариб бориши лозим. Иқтисодий соҳа ҳақида сўз борганда, Франция фақат мода, атир-упа ва мусалласлар мамлакати сифатида эсланмаслиги керак. Франция TGV (тезюрар поездлар), “Ариан” ракеталари ва смарт-карталар каби оламшумул ихтиролар ватани ҳамдир. Француз заминида ишлаб чиқарилган автомобиллар европалик рақобатчиларимиз ва дўстларимиз автоуловларидек ишончли ва сифатли. Дунё эътиборини Франция технологиялари ва саноатига кўпроқ қаратишимиз лозим.  Бугун француз жамияти кескин ўзгарган ва у тобора ранг-баранглик касб этмоқда. Француз жамияти ёшлар ва шаҳарчалар аҳолиси интеграцияси билан боғлиқ турли муаммоларга дуч келди. Аммо, ишончим комилки, 1789 йил инқилобида эълон қилинган француз қадриятлари келгусида ҳам мазкур муаммоларни оқилона ҳал этишга ёрдам беради.

    – Элчи жаноблари, юртимизда фаолият юритиб келаётганингизга ҳам бир неча йил бўлди, шу давр мобайнида республикамиз вилоятларида сафарларда бўлдингиз. Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

    – Ўзбекистонда ўтган уч йил давомида ҳам пойтахтда, ҳам вилоятларда юртдошларингиз билан учрашишга ҳаракат қилдим. Мамлакатингиз менинг ватанимдан фарқ қилиши табиий, аммо бу ер юртга жуда тез фурсатда меҳрим тушди. Халқингизнинг меҳмондўстлиги, хайрихоҳлиги манзур бўлди. Бой тарихий мерос, ўзбек ҳунармандларининг мўъжизакор асарлари – санайман десангиз, ҳайратомуз жиҳатлар жуда кўп. Афсуски, вилоятларга кўпроқ сафар қилишга вақт ажратолмадим. Ўзбек халқи мустақилликдан кейин эришган ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланади. Ушбу буюк мамлакат ўзи танлаган истиқлол йўлидан бориб, тараққиёт марраларини забт этмоқда. Айрим соҳаларда қисқа муддатда улкан муваффақиятларга эришилгани осон кечмаган, албатта. Бу, айтиш мумкинки, ирода ва жасоратнинг ажойиб намунасидир. Ўзбекистонга Франция фуқароларининг келиши йил сайин ошиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Мамлакатингиз юксак эътибор ва эътирофга чиндан ҳам лойиқ.

     

    Собиржон САЛИМ суҳбатлашди.