Европа Иттифоқи “Ҳизбулло”нинг қанотини қирқди

Mideast Lebanon Ashoura Day

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари бугун “Ҳизболла” радикал ҳаракатининг ҳарбийлашган қанотини террористик ташкилотчилар “қора рўйхати”га киритиш ҳақида қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, “Ҳизбулло”нинг ҳарбий қаноти Европа Иттифоқидаги тарафдорларидан, чунончи, жисмоний ва юридик шахслардан молиявий кўмак ололмайди, айни пайтда европалик дипломатлар мазкур ҳаракатнинг ҳарбийлашган аъзолари билан учрашиши тақиқланади.

BBCнинг ёзишича, Европа Иттифоқининг айрим мамлакатлари “Ҳезбулло”нинг “қора рўйхат”га киритилишини кўп ҳам жиддий қарши олишмади. Чунки уларнинг фикрича, “Ҳизбулло” ҳаракати ва унинг ҳарбийлашган қисми ўртасидаги фарқни аниқлашнинг имконияти йўқ. Қолаверса, бундай қарор Ливандаги вазиятни янада чуқурлаштиради.

Дарҳақиқат, “Ҳизбулло” Ливанда катта таъсирга эга ташкилот бўлиб, ҳукуматнинг таркибини шакллантиришда ҳам иштирок этган. Ливан ҳукумати расман Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, мазкур ҳаракат Ливан жамиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланишини маълум қилган.

Европа Иттифоқининг “Ҳизбулло”ни “қора рўйхат”га киритиш ҳақидаги қарори Болгария, Кипрда Исроил фуқароларига нисбатан уюштирилган террористик ҳужумлар билан боғланган бўлса-да, аксарият таҳлилчилар буни кўпроқ Суриядаги вазият билан боғлашмоқда. Чунки ушбу ҳаракатнинг қуролланган гуруҳлари Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, уларга қарши кураш олиб бораётган мухолифат вакилларига қарши кураш олиб бораётгани европалик дипломатларни ташвишлантирмоқда.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, “Ҳизбулло” ҳаракати АҚШ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Нидерландияда “террорчилар рўйхати”га киритилган.