Қирғизистонда Сноуденга сиёсий бошпана бериш таклифи билан чиқилди

1372050217_edvard-snoudenҚирғизистонда АҚШ марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга сиёсий бошпана бериш таклиф қилинди. K-Newsнинг хабар беришича, бундай ташаббус билан “Финанс” ҳаракати етакчиси Чингиз Болотбеков чиққан.

Унинг айтишича, АҚШ Сноуденнинг мамлакатга қайтарилиши борасида изчил саъй-ҳаракат олиб бормоқда. Америкада Қирғизистон собиқ президентининг коррупция бўйича айбланган ўғли Максим Бакиевга нисбатан жиноий иш тўхтатилган эди. “Биз Максим Бакиевга нисбатан АҚШда жиноий иш очилганда, уни қамоққа олишга катта имкониятимиз бўлганлигини яхши биламиз. Аммо президент ўғлидан айблов олиб ташланди ва ана шу имкониятимизни қўлдан бой бердик”, дейди у. Болотбоевнинг фикрича, Қирғизистон Сноуденга сиёсий бошпана бериш орқали АҚШнинг ушбу хатти-ҳаракатига жавоб берган бўлар эди.

Техник нуқтаи назардан, Болотбековга кўра, Марказий разведка бошқармаси собиқ ходимини Қирғизистонга олиб келиш мумкин. “Майли, Эдвард Сноуденда паспорт бўлмасин, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ўзаро келишиб, Сноуденни бизга олиб келиш чораларини кўриши мумкин”, дейди у.

Лента.ruнинг ёзишича, мамлакат раҳбарияти бу таклифга муносабат билдирмаган. Шуни айтиш керакки, бундай ташаббус Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи марта янгради.

Эслатиб ўтамиз, Эдвард Сноуден АҚШ миллий хавфсизлик агентлиги ва  Марказий разведка бошқармасининг интернет ва телефон компаниялари орқали аҳолини кузатганлиги ҳақидаги дастурини оммага эълон қилган эди. Унинг паспорти АҚШ ҳукумати томонидан бекор қилинган. Сноуден ҳозирда Москванинг Шеремьетова аэропорти транзит зонасида сиёсий бошпана кутиб турибди.