Ўзбекистонда ёшлар салбий ахборотлардан қонун билан ҳимоя қилинади

    zombie-b1ea485fb8479f2365a1b139d42f4e2719d1a764-s6-c30“XXI аср — ахборот технологиялари жадал ривожланган давр экан билан тарих саҳифаларидан жой оладиган бўлди. Бугун 9-10 ёшли бола (балки ундан ҳам кичикдир) мобиль телефондан интернетга уланиб, хоҳлаган сайтига кириши, кўнгли тўсаган ахборотни олиши мумкин. Бир қарашда бу барчамизга ижобий ҳолатдек туюлади”, деб ёзади “Ҳуррият” газетаси мухбири Азим Рўзиев.

    Муаллифнинг ёзишича, чиндан ҳам интернет орқали дунёдан, унда кечаётган янгиликлардан хабардор бўлишнинг ёмон томони йўқ. Аммо “Ўргимчак тўри”нинг имкониятлари шу даражада юқорики, унинг хизматидан фойдаланмоқчи бўлган киши ўзи кутганидан ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлиши мумкин. “Масалага шу тарафдан ёндашилса, ҳар нарсага катта қизиқиш билан қарайдиган ёшлар ўзлари сезмаган ҳолда ахборот хуружлари домига тушиб қолишади. Шу ўринда савол туғилади: ёшларимизни бу каби ахборий таҳдидлардан қай йўл билан ҳимоялаш керак?”

    Газетада қайд этилишича, интернет болалар ва ўсмирларнинг руҳий, маънавий улғайишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

    Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан “Вояга етмаганларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир этувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

    Агар қонун қабул қилинса, болалар ва ўсмирлар ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахлоқига салбий таъсир ўтказувчи маълумотларни, миллий қадриятларимизга зид бўлган маънавий бузуқиликни тарғиб этадиган босма, аудиовизуал маҳсулотлар ва компьютер ўйинларидан ҳимояланиши кафолатланади.