Фаластин элчиси Ўзбекистондаги фаолиятига якун ясади

asad-mulem-al-asadЎзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Фаластин Давлатининг мамлакатдаги элчиси Асад Мунем ал-Асадни дипломатик миссияси тугаши муносабати билан қабул қилди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, шунингдек, Яқин Шарқ минтақасидаги вазият муҳокама қилинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти.

А. Комилов элчи икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга катта ҳисса қўшганини эътироф этди. Шунингдек, элчи жаноблари Ўзбекистон ўз фаолиятини самарали рўёбга чиқаришда унга яқиндан ёрдам кўрсатганлиги учун миннатдорлик изҳор этди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон билан Фаластин 1994 йилнинг 25 сентябрь куни дипломатик муносабатлар ўрнатган эди.

Фаластин давлати — Яқин Шарқдаги давлат бўлиб, У 1988 йил 15 ноябрда Фаластин Миллий Кенгашининг Жазойир шаҳридаги сессиясида эълон қилинган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 181-сон қарорига биноан 1947 йил 29 ноябрда Буюк Британиянинг Фаластинга олган мандати тугаб яҳудийлар ва араблар давлати ташкил этилди. Бироқ бир томонлама тарзда Исроил давлати тузилгандан кейин Араб – Исроил уруши бошланди, натижада араб давлати ҳудудининг асосий қисми Исроил томонидан босиб олинди ҳамда Ғазо сектори Миср назоратига ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили Иордания назорати остига ўтди. Кейинчалик буларни ҳам Исроил оккупация қилиб олди.

1993 йил 13 сентябрда Вашингтонда Исроил билан Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ) ўртасидаги можарони «Оралиқ тарзда бартараф этиш принциплари тўғрисида декларация» имзоланиши натижасида унда кўзда тутилган Ғазо секторида ва Иерихон шаҳри (Иордан дарёсининг ғарбий соҳили) атрофида фаластинликларнинг ўзини ўзи чекланган бошқарувини вужудга келтириши бошланди. Фаластин муаммоси узул-кесил бартараф этулгунга қадар бўлган ўтиш даври учун Фаластин ўзини ўзи бошқариш оралиқ маъмурияти ташкил этилди. Фаластин миллий кенгаши (400 га яқин аъзоси бор) ФОТнинг олий органи бўлиб, унда барча етакчи сиёсий ва диний ташкилотларнинг вакиллари, таниқли жамоат арбоблари бор. Марказий кенгаш (сал кам 100 аъзо) ФОТнинг маслаҳат органидир. Раис бошчилигидаги ижроқўм (18 аъзо) ФОТнинг фаолиятига амалий раҳбарлик қилади. ФОТнинг ижроқўми 1989 йил 29 мартда Ёсир Арофат, 2005 йилдан бошлаб Маҳмуд Аббос ФОТ раиси, Фаластин президенти этиб тайинланган.

1994 йил майда тузилган Фаластин миллий маъмурияти Фаластин ўзини ўзи бошқарувининг олий қонун чиқарувчи ва ижрочи органи ҳисобланади. Маъмурият (ҳукумат) бошлиғи, ФОТ ижроқўмининг раиси ички ишлар ва хавфсизлик вазирлигига ҳам раҳбарлик қилади.

2005 йил августида Ариэль Шарон Ҳукумати Исроил қўшинлари ва аҳолиси вакилларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетди. Ғазо ҳудуди ФОТ тасарруфига ўтди.

Фаластин БМТга аъзо бўлмаган мустақил давлат мақомига эга.