Ўқишга ҳужжат топшириш учун биопаспорт керак эмас

Маълумки, Ўзбекистонда шу кунларда олий таълим ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларга оммавий қабул тадбирлари амалга оширилмоқда. Бунда, албатта, одамларда қабул комиссиялари томонидан талаб қилинган ҳар бир ҳужжат маълумотлар бўлиши айни муддаодир. Аммо кейинги пайтларда абитуриентлар, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ўқишни давом эттириши лозим бўлган ёшлар ва уларнинг ота-оналари орасида жорий йил олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларига ҳужжатларини топширадиган фуқаролардан қабул комиссияларида фақат биометрик паспорт талаб қилинаётгани ҳақидаги гап-сўзлар тез-тез учрамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Улуғбек Тошхўжаевнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг амалдаги паспорти 2015 йил 31 декабргача ҳақиқий. Шунга асосан, олий ўқув юртларига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан, бошқа таълим муассасаларига ўқишга кираётган фуқароларимиздан биопаспорт талаб қилиш ушбу фармон талабларига зиддир. Амалдаги нобиометрик паспорти ҳақиқий бўлган фуқаролар ўқув юртларига ўша паспорт асосида ҳужжат топширишлари, ўқишга киришлари мумкин.