Тожикистонликлар Ўзбекистонни нега ёмон кўришади? Ахборот кампаниясининг салбий оқибатлари

images (24)Яқинда минтақадаги ижтимоий фикрни мониторинг қилиш билан шуғулланадиган “Марказий Осиё барометри” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Тожикистон аҳолиси ижтимоий кайфияти ҳақида янги сўров эълон қилинди. Албатта, у ердаги рақамлар, билдирилган муносабатлар ўз йўлига, лекин бизнинг эътиборимизни жалб қилган жиҳат бир рақамда бўлди. Гап шундаки, тожикистонликларнинг 39 фоизи Россияни ҳамкорлик учун энг муҳим мамлакат сифатида эътироф этишган, устувор мамлакатлар кетма-кетлигини Хитойда (13 фоиз), Эрон (10 фоиз) эгаллаган. Эътиборимизни жалб қилган жиҳати шуки, ижтимоий сўровда қатнашган тожикистонликларнинг 24 фоизи Ўзбекистонни, 22 фоизи Афғонистонни, 7 фоизи АҚШни мамлакат учун таҳдид сифатида қайд этишган.

Бу рақамларнинг тўғри ёки ёлғонлиги иккиламчи масала. Муаммо шундаки, “икки тилда сўзлашувчи бир халқ” дея таъриф бериладиган халқлар учун бундай ижтимоий сўров реалликни акс эттиришдан кўра, мавжуд вазиятни имкон қадар бўрттириб кўрсатишга қаратилгандир.

Сир эмас, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совиб, муаммоларни ҳал қилиш учун сиёсий ечим керак бўлади. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юзага келган сиёсий турғунлик халқлар ўртасидаги муносабатлар ҳосиласи эмас, балки давлатлар олиб бораётган сиёсий мақсадлар ҳисоблашилмаётганидан  кучаймоқда, холос.

Шундай муаммолар борки, уларни ҳал қилиш учун сиёсий музокараларнинг ўзи камлик қилади. Масалан, аксарият Шарқий Европа мамлакатлари Россия ва русларга нисбатан шундай совуқ муносабат кўрсатишадики, буни ҳар қандай сиёсий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди. Чунки улар ўртасидаги совуқлик ғоявий, тарихий асосга эга. Ўзбек ва тожик халқи ўртасидаги муносабатлар маълум қарама-қаршиликларга эга бўлса-да, уларнинг бир-бирида адовати йўқ.

Аммо Роғун ГЭСи, Тожикистон алюмин заводи атрофида давом этаётган даҳанаки жанглар юқоридаги ижтимоий сўровларга олиб келгани ачинарли, албатта.

Тан олиш керак, Ўзбекистонда Роғун ГЭСи ва ТАЛКО бўйича кенг қамровли ахборот кампанияси олиб борилмоқда, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинмоқда, халқаро ташкилотлар минбарларидан мамлакат позицияси илгари сурилмоқда. Лекин бу тадбирларнинг биронтасида мазкур лойиҳалар ортида тожик халқи турганлиги айтилмаган ёки киноя ҳам қилинмаган.

Ўзбекистон Тожикистоннинг Амударё юқори қисмида қуввати 3600 МВтга тенг Роғун ГЭСи лойиҳасига кескин қаршилик кўрсатиб келади. Ўзбекистон Роғун ГЭСини қуриш лойиҳаси кенг кўламли жиддий технологик, ижтимоий, экологик ва ижтимоий-иқтисодий таҳдид ҳамда хавфларни келтириб чиқаради, деб ҳисобламоқда. Мутахассислар фикрича, станциянинг барпо этилиши оқибатида табиий сув оқими тизими бутунлай издан чиқиб, вегетация мавсумида сув ҳажми кескин камаяди, куз-қиш даврида эса уни ўтказиш ҳажми ва сарфи ошади. Бу Амударё қуйи оқимида жойлашган мамлакатларда ёзда сувнинг кескин камайишига, кучли қурғоқчиликка, шунингдек, қишда ҳалокатли тошқинларга сабаб бўлади.

Амударё оқими гидрологик режимининг ўзгариши натижасида ўзанлардаги йўқотишлар ҳам ортади. Ҳозир ҳам сув тақчил мавсумларда бундай йўқотишлар 15 фоизгача етмоқда. Гидрологик режимнинг ўзгариши оқибатида Амударё қуйи қисмидаги кўллар ва ветландларнинг қуриш жараёни бир неча марта тезлашади, янги шўрхок ва тақир ерлар пайдо бўлади.

 АҚШнинг Шимолий Дакота давлат университети экспертлари ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, Роғун ГЭСи қурилиши Ўзбекистонга йилига ўртача 600 миллион доллар миқдорида зарар етказади. Экспертлар фикрига кўра, мазкур сув иншооти барпо этилиши натижасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун сув танқислиги келиб чиқиб, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2 фоизга пасаяди. 300 минг нафардан зиёд киши ишидан маҳрум бўлади.

Тожикистон алюминий заводи ҳам Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари фауна ва флорасига, табиати ҳамда аҳоли генофондига салбий таъсир ўтказаётгани айтилади. Бу муаммолар бўйича Тожикистон ҳам ўз позициясига эга.

Кўплаб суҳбатларда ўзбекистонликлардан Роғун ГЭСи ҳақида сўраганимизда, уларнинг аксарияти ушбу ГЭС мамлакат учун катта таҳдид солишини айтишади. Лекин биронта ҳам ўзбекистонлик бунда Тожикистон ёки тожикларни асосий таҳдид сифатида кўрсатмаган.

Албатта, ушбу лойиҳалар икки мамлакат учун ҳам ҳаёт-мамот масаласи. Лекин ҳар қандай шароитда ҳам икки давлат раҳбарияти мавжуд муаммоларни музокара столида ҳал қилмоғи, икки қардош халқни бу муаммолардан узоқроқ сақлаши лозим.

Ижтимоий сўров ҳақида иккита хулосани чиқариш мумкин: Биринчиси, Тожикистонда, ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонга қарши шу даражада кенг ахборот кампанияси олиб борилаётганидир. Чунки онги, сиёсий қарашлари бир томонлама ахборотлар билан тўйинган тожикистонларнинг қўшни мамлакат ҳақида бундай салбий муносабат билдириши нафақат ачинарли ҳолат, балки келажакда оғир оқибатларга сабаб бўлади.

Иккинчидан, бундай ижтимоий сўровларнинг ўтказилиши ҳам яхшиликка хизмат қилмаслиги турган гап. Тожикистон ҳукумати ҳар қандай шароитда ҳам бундай провакацион ижтимоий сўровлар натижаларидан тўғри хулоса чиқариши керак.