Тожикистонлик уламолар сунъий уруғлантиришга фатво беришди

1348678176_iskystvennoe-oplodotvorenie-2Тожикистон Ислом маркази уламолари тожик мусулмонлари учун сунъий йўл билан уруғлантириш масаласида фатво эълон қилди. “Азия-Плюс”га таяниб, Марказий Осий янгиликлар хизматининг хабар беришича, бундай қарор Уламолар кенгашининг навбатдаги мажлисида қабул қилинган.

Фатвога кўра, экстракорпораль уруғлантириш ёрдамида фарзанд кўришни истаган эркак ва аёл динда белгиланган тартибда никоҳда турган бўлиши керак. Аёл, ўз навбатида, ўз эри уруғидан фойдаланиши керак. Эркак киши ҳам ўз турмуш ўртоғидан ташқари аёлнинг бачадонидан фойдаланмаслиги керак.

Ушбу таомил бузилган тақдирда сунъий уруғлантириш гуноҳ ҳисобланади. Бу тартибга амал қилишга қодир бўлмаган жуфтликлар болаларни  фарзандликка олиши мумкин.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Тожикистонда анчадан бери сунъий уруғлантириш масаласи муҳокама қилиб келинади. 2010 йилда Тожикистон парламенти “Фуқаролик ҳолати далолатномаларининг давлат қайдини юритиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритди. Унга мувофиқ, аёлларни сунъий уруғлантиришга қонун йўли билан рухсат этилди.

Ўшанда Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг парламент қуйи палатасидаги депутати Муҳиддин Кабирий республика аҳолисининг 90 фоизи мусулмон бўлиб турган бир шароитда бундай ўзгартишни қабул қилиш ноўринлигини айтган эди.

“Бизда асрлар давомида шундай одат шаклланган: фарзандсиз оилалар етим ёки ўз қариндошларининг фарзандларини тарбиялаш учун ўз оиласига қабул қилишган. Уруғлантириш фақатгина никоҳда турган жуфтликлар уруғидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак, агар бошқа эркаклар уруғини ишлатишга йўл қўйиб бўлмайди”, деб қайд этди.

Шуни айтиш керакки, Тожикистонда сунъий уруғлантириш йўли билан биринчи эгизаклар дунёга келди. Мамлакатда сунъий уруғлантириш билан “Насл” тиббиёт маркази шуғулланади.