Нуқтаи назар: Қирғизистонга нега янги ҳарбий доктрина керак бўлди?

thumb325_20130705070550633Маълумки, ўтган ҳафта Қирғизистонда янги ҳарбий доктрина қабул қилинган эди. 24.kgнинг хабар беришича, республика мудофаа кенгашининг мажлисида мамлакат президенти, ҳукумат раҳбари, Қуролли Кучлар раҳбарлари иштирок этган.

Президент матбуот хизмати тарқатган расмий хабарда келтирилишича, доктрина “давлатнинг самарали ҳарбий тузилмаларини, шу жумладан, ҳарбий хавфсизлик таҳдидларига муносиб жавоб бера оладиган, мамлакатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда конституциявий қурилишини кафолатлайдиган замонавий қурол-яроғ ҳамда техника билан қуролланган Қуролли Кучларни яратишга йўналтирилгандир.

Қайд этилишича, янги ҳарбий доктринада республика учун асосий ташқи хавф сифатида терроризм қайд этилган. Ташқи хатарларга, мудофаа вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги, Афғонистондаги вазият ва ҳарбий тўдаларнинг Қирғизистон ҳудудига кириб олиши сингари омиллар киритилган. Мамлакатнинг ички таҳдидлари сифатида сепаратизм ва диний экстремизм айтиб ўтилган.

Шуни айтиш керакки, Қирғизистоннинг бундан аввалги ҳарбий доктринаси 2002 йилда қабул қилинган бўлиб, у мудофаа характерига эга эди. Ўшанда Қирғизистон учун ташқи таҳдидлар сифатида Марказий Осиёда қуролли тўқнашувлар ҳамда мамлакат ҳудудига ноқонуний ҳарбий тузилмаларнинг кириши кўрсатиб ўтилган эди.

Қирғизистон армияси 1992 йилда шакллантирилган бўлиб, бугунги кунда 12 минг ҳарбий контингентга эга. Ҳукумат ишлаб чиққан режага кўра, мамлакат армиясини бутунлай янги қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Қирғизистонда ҳарбий доктринанинг қабул қилиниши мамлакат ҳарбий ва ташқи сиёсатида амалга оширилган сўнгги ўзгаришлар билан бевосита боғлиқдир. Аввало, мамлакатда қабул қилинган қонунга кўра, расмий Транзит ташиш маркази деб номланадиган Америка ҳарбий базаси ҳақидаги шартнома 2014 йилнинг 11 июлидан ўз кучини йўқотади. Шубҳасиз, АҚШ ҳарбийларининг мамлакатдан чиқиб кетиши, қолаверса, 2014 йилнинг охирига қадар НАТО кучларининг Афғонистонни тарк этиши Қирғизистон раҳбарияти олдига бир қатор саволларни қўяди. Умуман, янги ҳарбий доктринага эҳтиёж қуйидаги омилларда яққол кўзга ташланади.

Аввало, мавжуд муаммо ва таҳдидлар таҳлили мамлакатга хавф солаётган кучларга тезкор жавоб қайтариш учун армияни тўлиқ модернизация қилиш заруратини кўрсатмоқда. Чунки АҚШнинг Қирғизистонда бўлиб туриши унча-мунча кучларга нисбатан “сигнал” бўлиб турган эди.

Иккинчидан, Қирғизистонда АҚШнинг ҳарбий иштироки сусайиб, бошқа давлатлар, чунончи, Россия ҳарбий контингентини сақлаш масаласи кун тартибига чиқади. Негаки, ҳарбий доктрина бўйича эълон қилинган ахборотлар шуни кўрсатадики, Қирғизистон ўз ҳудудини бошқа давлатлар ҳарбий базалари учун тўлиқ ёпмоқчи эмас. Балки у армия салоҳиятини кучайтирмоқчи.

Учинчидан, янги ҳарбий доктрина армиянинг молиявий манбаларини кўпайтиришни назарда тутади. Шубҳасиз, янги ҳарбий доктринанинг қабул қилиниши мамлакат армиясини мудофаа тамойилидан чиқишга ундайди. Зеро, армияни турли таҳдидларга жавоб берадиган замонавий қурол-яроғга эга кучга айлантириш зарур. Бу эса бюджетдан янги ажратмаларни кўзда тутади.

Тўртинчидан, 2014 йилдан сўнг Афғонистондаги қуролли танглик янада авж олиши, турли террористик ва бошқа ҳарбий тўдалар учун янги маконга айланиш эҳтимоли ўсади. Тоғли минтақа бўлгани боис Қирғизистон бундай террористик ҳужумларни ҳали ёддан чиқаргани йўқ, албатта. Бундай шароитда армияни имкон қадар тезроқ кучайтириш зарур. Шунинг учун ҳам 2002 йилги ҳарбий доктринани қайта кўриб чиқиш зарурати туғилган эди.